Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон халқаро норма ижодкорлиги бўйича ташаббускор давлатга айланмоқда

26.09.2020

Дунёни ларзага солаётган COVID-19 пандемияси жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келишда давом этмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, “Пандемия – инқироздир. Бу иқтисодий инқироз. Ижтимоий инқироз. Тезда инсон ҳуқуқлари инқирозига айланиб бораётган инсоний инқироз”.

Шундай шароитда БМТ Бош Ассамблеянинг етмиш бешинчи сессияси ташкилот тарихида илк марта онлайн мулоқот режимида ташкил этилгани муаммоларни тезкорлик билан ҳамкорликда ҳал қилиш заруриятини яна бир бор кўрсатмоқда.

Юртошимизининг энг олий минбардаги нутқини нафақат минтақамиз, балки бутун дунё учун том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлди, дейишимиз мумкин. Бунга бизда етарлича асослар мавжуд.

Президентимиз туркий халқларнинг энг кўп сонли вакилларидан бири Ўзбекистон номидан ўз она тили – ўзбек тилида нутқ сўзлади. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг оддий иштирокчиси эмас, балки бугунги таҳликали ва мураккаб вазиятдан чиқиш бўйича фаол ташаббускор давлат сифатида намоён бўлди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш ва минтақада тинчлик ўрнатиш бўйича доимо тайёрлигини яна бир бор намойиш этди.

Давлатимиз раҳбари томонидан халқаро ҳамжамиятни ташвишга солиб турган муаммоларни бартараф этишга қаратилган концептуал жиҳатдан мутлақо янги 11 ташаббус илгари сурилди. Мазкур ташаббусларни таҳлил қиладиган бўлсак, улардан учтаси муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, БМТ раҳбарлигида иккита институтни ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамжамият муҳокама қилиши долзарб аҳамият касб этаётган халқаро йиғилишларни ўтказиш боғлиқ.

Жумладан, юртбошимиз томонидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтишда биргаликда ҳаракат қилиш ҳамда глобал ҳаётда давлатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс қабул қилиш таклифи илгари сурилди. Мазкур ташаббус пандемия шароитида барча аъзо давлатлар ва бошқа тузилмалар, дунё халқлари манфаатларини акс этирганлиги боис барчада бирдек катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур халқаро миқёсдаги ҳужжат юзага келган таҳликали вазиятга давлатларнинг оператив ва ҳамкорликдаги кечиктириб бўлмас сайъ-ҳаракатларини ўзида акс эттиради. Қуйидаги объектив омиллар мазкур халқаро дастурий ҳужжатнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Бугунги синовли даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида муаммолар бутун дунёнинг заиф нуқтасига айлангани бор гап. Глобал миқёсда халқаро ёрдам ва ҳамкорликнинг дастурини изчил амалга оширилмаслиги, кўплаб мамлакатларда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни тўлиқ амалга оширишда жиддий муаммоларни юзага келтириши табиий.

Шунингдек, ҳозирги инқироз кўплаб иқтимодий-ижтимоий муаммоларни очиқ-ойдин намойиш этмоқда. Жумладан, зарур озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари билан узлуксиз таъминлаш, таълим тизимида кўплаб бўшлиқлар кузатилиши, ишсизлар сонининг кескин ортиши каби муаммолар халқаро миқёсда пандемиялар шароитида давлатларнинг ички ва халқаро даражада мажбуриятларини белгиловчи минимал ягона дастурий ҳужжат қабул қилиш заруриятини кўрсатмоқда.

Рақамлар инсоният бошига тушган улкан инқирознинг кўламини янада аниқ кўрсатади. Масалан, пандемия энг авжига чиққан пайтда 190 дан ортиқ мамлакатдаги мактабларнинг ёпилиши сабабли, 1,6 миллиард ўқувчи, яъни дунёнинг 94 фоиз ўқувчилари жабр кўришган. Бу эса БМТнинг БРМ сифатида белгиланган стратегик режаларни амалга оширишда жиддий тўсиқ бўлганлигини кўришимиз мумкин. Ёки яна бир мисол, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ишчиларнинг фақат 18 фоизигина масофадан туриб ишлашга имкон берадиган жойларда ишлайди. Бу эса аксарият аҳолининг тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлишга тўғридан-тўғри хавф солмоқда ва қашшоқликнинг ортишига жуда катта омил бўлиб хизмат қилмоқда

Яна бир муҳим жиҳат, 2017 йил 19 сентябрда давлатимиз раҳбари томонидан БМТ олий минбаридан БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини қабул қилиш бўйича ташаббуси глобал ҳаётга жорий этилаётганидир. Бугунги кунда дунёда 2 миллиарддан ортиқ ёшлар мавжуд. Бу эса ўз ўрнида жаҳон ҳамжамиятидан инсон капитали ҳамда инновацион салоҳиятни ривожлантиришда ёшлар имкониятларидан тўғри ва самарали фойдаланиш, шу билан бирга ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид янгича тенденциялар ва ёндашувлар талаб этилади.

Жорий йилнинг 12-13 август кунлари азим Самарқандда “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида мазкур ҳужжат лойиҳаси 80 дан ортиқ халқаро ва ҳудудий ташкилотлар ҳамда 20 дан ортиқ миллий институтлар вакиллари иштирокида муҳокама қилинганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Айтиш мумкинки, Ёшларнинг ривожланиш индекси (YDI) дунёдаги салбий манзара ёшларга оид давлат сиёсати халқаро ҳамжамиятнинг доимий эътиборида бўлиши лозимлиги яна бир бор кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташаббуси орқали қабул қилиниши кутилаётган мазкур ҳужжат “Ёшлар – 2030” БМТ Ёшлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этишга ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни таъминлашнинг муҳим омиллари бўлиб хизмат қилади. Шу сабабли давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятдан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга яна бир бор чорлади.

Яна қайд этиш лозимки, юртбошимиз томонидан илгари сурилган парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Халқ вакиллари инсоният бошига тушган шу каби кулфатларда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорликни ривожлантириш, давлатларнинг эзгу мақсад-муддаоларини бирлаштириш йўлида янги усул ва воситалардан фойдаланиш, бошқача айтганда, ишга глобал миқёсда тафаккур асосида ёндашиш талаб этилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, башариятнинг СOVID-19 пандемияси каби глобал муаммоларга қарши ҳамкорликда курашиши мутлақо янгича ёндашув талаб этмоқда. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ер юзидаги барча давлатлар ва халқларнинг эртасига, келажагига дахлдорлиги билан ажралиб турди. Боиси, инсониятнинг яшаш учун Ер сайёрасидан бошқа макони йўқ.

Сардорбек Юсупов,

юридик фанлар бўйича

фалсафа доктори (Phd).

Манба: ЎзА

  • 484