Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси мажлиси

25.03.2017
Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 24 март куни Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. 

Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо, сармоя, нефть-газ, экспорт, машинасозлик, электротехника, қишлоқ ва сув хўжалиги, юқори технологиялар, сайёҳлик, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, кичик қўмита ҳамраиси Элёр Ғаниев мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади. 

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг йирик савдо ва сармоявий шерикларидан биридир. 2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистондаги лойиҳаларга жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошади. 

Хитой компаниялари ва банклари иштирокида мамлакатимизда Қамчиқ довонида 19,2 километрлик темир йўл туннелини ишга тушириш, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ва Қўнғирот сода заводини қуриш, Хоразм вилоятида замонавий экскаватор ва бульдозерлар ишлаб чиқариш, телекоммуникациялар ва ахборот технологияларини ривожлантириш сингари саноат ва инфратузилма ривожи учун муҳим лойиҳалар, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида инвестициявий лойиҳалар амалга оширилган. 

Бугунги кунда “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси шиналари ва конвейер лентаси ишлаб чиқариш заводини ҳамда “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш каби муҳим инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Энергетика, нефть-газ, ирригация ва мелиорация соҳаларида, инфратузилмаларни модернизация қилиш борасида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. 

– Хитой Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади, – деди Хитой Халқ Республикаси тижорат вазири ўринбосари, кичик қўмита ҳамраиси Фан Айцин. – Хитой ишбилармонларининг Ўзбекистондаги шериклари билан ҳамкорлик ўрнатишга, мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлашга қизиқиши йил сайин ортиб бормоқда. Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, жумладан, илм-фан, маданият ва сайёҳлик каби жабҳаларда улкан салоҳиятга эга. Савдо, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, техника ва технологиялар йўналишларида узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш ва кенгайтиришдан манфаатдормиз. 

Йиғилишда мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш, иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари қайд этилди. 

Хитой делегацияси мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг пухта ишлаб чиқилган механизми, иқтисодий зоналардаги кенг имкониятлар ва имтиёзлар билан таништирилди. 

Анжуманда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, қўшма корхоналар сонини ва ўзаро савдодаги маҳсулотлар турини кўпайтириш масалаларига эътибор қаратилди. 

Хитой делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштиришга оид масалалар юзасидан музокаралар ўтказди. 

Манба: ЎзА

  • 1024