Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Танзила Норбоева ва Валентина Матвиенко Давлат академик рус драма театрига ташриф буюрди

02.10.2019
Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан бирга Ўзбекистон давлат академик рус драма театрида бўлди.

Юқори мартабали меҳмонга театр тарихи ва ижодий фаолияти ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимиздаги энг кекса театрлардан бири бўлган мазкур санъат даргоҳи ўзбек ва рус маданияти анъаналарини бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда давом эттираётган маскан экани қайд этилди. Зеро, Ўзбекистон санъати ва маданиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Давлат академик рус драма театрини миллий театр санъатимиз тараққиёти жараёнидан айри тасаввур қилиб бўлмайди.
Бу йил 85 йиллиги нишонланадиган мазкур театр рус саҳнасининг бой тажрибаси билан уйғун ҳолда икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаб келмоқда. Ўз навбатида, театр фаолияти ўзбек драматургияси ютуқларини ҳам ўзида акс эттиради.
Спектакль бошланиши олдидан Танзила Норбоева ва Валентина Матвиенко театр жамоасини 85-юбилей мавсуми очилиши билан қутлади.
Т.Норбоева мартабали меҳмоннинг ташрифи доирасидаги тадбирлар ушбу маданият даргоҳидан бошланишида ўзига хос рамзий маъно борлигини таъкидлади. Зеро, Давлат академик рус драма театри саҳнасида намойиш этиладиган томоша делегация аъзоларига серқуёш ва меҳмондўст ўзбек заминида кечадиган икки томонлама учрашувлар давомида кўтаринки руҳ, яхши кайфият, куч-ғайрат бахш этиши, музокаралар сермазмун ва самарали ўтишига хизмат қилишига умид билдирди.
Валентина Матвиенко ўтган асрнинг 30-йиллари бошида, долғали даврда очилган мазкур театрни ташкил этишга бош-қош бўлган, ташаббус кўрсатган санъат фидойиларини ёдга олди, ўтган йиллар давомида мазкур санъат даргоҳида ишлаган, ҳозирда фаолият кўрсатиб келаётган жамоа аъзолари меҳнатини алоҳида эътироф этди.
Россия Федерацияси делегациясининг ташрифи театр жамоаси репертуаридаги энг муваффақиятли спектакллардан бири “Банкрот” комедияси намойишига тўғри келди. Машҳур рус ёзувчиси Александр Островскийнинг илк йирик асари ҳисобланган мазкур драма кейинчалик “Свои люди – сочтемся” деб номланган. Икки кўринишли комедия жанридаги спектаклнинг саҳналаштирувчи бадиий раҳбари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Владимир Шапиро, режиссёр – Юрий Фисан.
Т.Норбоева ва В.Матвиенко саҳна асарининг намойиши ёрқин таассурот қолдирганини таъкидлаб, театр жамоасига янги мавсумда муваффақият тилади.

Манба: ЎзА

  • 827