Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

21.08.2020
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта тузилди.

Сўнги уч йилда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, “Йўл хариталари” ҳамда чора-тадбирлар режалари тасдиқланди. Қолаверса, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун билан ҳар бир давлат органининг вазифалари аниқ белгилаб берилди.

photo_2020-08-21_10-44-57.jpg

Қатор халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари билан расмий алоқалар йўлга қўйилиб, халқаро рейтингларда мамлакатимизни юқори поғоналарга кўтариш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Йиғилишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилаётгани ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди.

Шунга қарамай, коррупция ҳолатлари ҳали ҳам кузатилаётгани, бундан халқимиз азият чекаётгани, шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ва Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг фаолиятларини тўғри йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Жумладан, Миллий кенгаш низоми лойиҳасини, “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия” ва “Миллий стратегия доирасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури” лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда мазкур йўналишда бир қатор қонунларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

– Кейинги йилдан бошлаб ҳар бир соҳа, ҳар бир вазирлик идоранининг коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинги олиб борилади, – дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов. – Яна бир муҳим масала шуки, коррупция ҳолатлари ҳақида фуқароларни хабардор қилиш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформасини ва коррупция ҳолатлари ҳақида агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобиль дастурни жорий этиш бош мақсадимиз. Бу фуқароларимизнинг мурожаатларини тезкор равишда ўрганиб, коррупция билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш имконини беради.

photo_2020-08-21_10-44-59.jpg

Агентликнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида бажариши лозим бўлган ишлари, 2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизимини босқичма-босқич жорий этиш масалаларига урғу берилди.

Яна бир жиҳат. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан эксперимент тариқасида, дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этиш белгиланган эди.

Йиғилишда бугунги кунда энг муҳим бўлган соҳалар, яъни соғлиқни сақлаш ҳамда давлат харидлари тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди. Шу жиҳатдан мазкур йўналишларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

photo_2020-08-21_10-45-01.jpg
Манба: ЎзА

  • 665