Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Хитой Халқ Республикасининг аграр соҳани ислоҳ қилиш тажрибасини мамлакатимизда қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди

11.09.2019
2019 йилнинг 10 сентябрь куни Тошкент шаҳрида “Хитой Халқ Республикасининг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича тажрибаси ва уни Ўзбекистон Республикасида қўллаш имконияти” мавзусида Ўзбекистон-Хитой халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир Хитойнинг очиқлик ислоҳотлари сиёсати 40 йиллиги ва Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистоннинг янгиланган ички ва ташқи сиёсатини илгари суриш тажрибасига бағишланди.

Анжуманда ХХР Халқ вакиллари Умумхитой мажлиси делегацияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар экспертлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, аграр сиёсат муаммоларининг халқаро даражада муҳокама этилиши ушбу масаланинг муҳим аҳамияти ва бу борада турли давлат доктриналарини қўллаш имкониятлари мавжудлигидан дарак беради. Зеро, озиқ-овқат хавфсизлиги кейинги йилларда энг муҳим стратегик омиллар қаторига қўйилмоқда.

Хитой аграр соҳани ислоҳ қилишнинг ўзига хос йўлини танлади. Бунда мавжуд жамоат тизимини ўзгартириш эмас, балки унинг камчиликларини бартараф этиш вазифаси қўйилган. Субъектларнинг хатти-ҳаракатлари эса иқтисодий тараққиётнинг асосий кучига айланди. Бу йўналишлардаги ўзгаришлар самарадорлигини текшириш ва назорат қилишнинг қатъий ва таъсирчан воситаси бозор ҳисобланади.

Айнан шу нуқтаи назардан қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан ютуқларга эришган мазкур дунёдаги энг йирик мамлакатнинг тажрибаси эътиборга лойиқ. Анжуманда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Хитой аграр тармоғидаги ислоҳотлар муваффақияти бошидан деҳқонларнинг мулк ҳиссини ривожлантириш, шахсий манфаатдорлигини рағбатлантириш, демакки масъулиятини оширишга асосланган. Шу муносабат билан Хитой қишлоқларида олиб борилган ислоҳотлар ва тараққиётнинг асосий қоидалари ва бу йўналишда тўпланган тажриба бартафсил муҳокама қилинди.

Илғор тажрибани Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, таъкидландики, мамлакатимиз аграр соҳада улкан салоҳиятга эга. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, бозор механизмларини жорий этиш, шунингдек маҳсулотни қайта ишлаш тизими ва қўшилган қийматни шакллантириш занжирини янада такомиллаштиришда сезиларли муваффақиятга эришилди.

Ҳозирги вақтда бу соҳадаги ўзгаришларнинг янги босқичи белгилаб олинди, унинг муҳим вазифаси узоқ истиқболга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишдан иборат. Шу мақсадда асосий ўсиш марраси, иқтисодиётнинг драйвери сифатида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Натижада минглаб янги иш ўринлари ташкил этилади, аҳоли даромадлари ортади. Бу жараёнда ривожланган мамлакатлар, хусусан Хитойнинг илғор тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аграр тармоқда инновацион технологияларни жорий этиш анжуман давомида урғу берилган яна бир жиҳат бўлди. Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш ХХР иқтисодий сиёсатининг энг муҳим вазифаларидан саналади. Аграр тармоқ ва қишлоқ ҳудудларини муваффақиятли ислоҳ қилиш 40 йил мобайнида Хитойни ем экинлари, чорвачилик маҳсулотлари, мева-сабзавотчилик каби қишлоқ хўжалиги асосий маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми бўйича жаҳон етакчисига айлантирди.

Иқтисодиётнинг аграр секторини модернизация қилишнинг асосий омиллари фан ва технологиялар бўлиб, бу соҳага инновацион ечимларни жорий қилишнинг фундаментал асоси ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ахборотлаштириш ва интеллектуаллаштириш туфайли агроинновацияларни жорий этишда катта мувафақиятларга эришилдики, улар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва миришкорларнинг даромадлари ортишида муҳим ўрин тутади.

Аграр тармоқни ривожлантириш борасидаги Хитой тажрибасини қўллаш имкониятлари кўриб чиқилар экан, анжуманда сув хўжалиги фаолиятини яхшилаш масаласига алоҳида урғу берилди. Таъкидланганидек, сув ресурслари чекланганлиги муаммоси ҳам Хитой, ҳам Марказий Осиё минтақаси, хусусан Ўзбекистон учун долзарб. Шу маънода Хитой амалиётида синалган суғоришнинг самарали усуллари анжуман иштирокчиларининг катта қизиқишини уйғотди, улар пировардида қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишга хизмат қилади.

Анжуман давомида кўриб чиқилган мавзуга доир бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди. Илмий инновациялар ва Хитой қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан ривожлантиришга, аграр соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган янги инновацион биотехнологиялар, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини мониторинг қилиш тизимига ахборот технологияларини жорий этиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, Хитойдаги эркин савдо ҳудудларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг турли жиҳатлари, эркин иқтисодий зоналарнинг Ўзбекистон минтақалари иқтисодий ривожидаги ўрни ҳам кўриб чиқилди.

Анжуман якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.


Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

  • 865