Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

"Ёшлар боғи"да Пискент тумани фермерларининг семинари бўлиб ўтди

24.08.2020

Бу йил пахта терими мавсуми қандай ўтади?Кооперация нима дегани?

22 август куни "Ёшлар боғи"да ташкил этилган тадбирда юқоридаги саволлар муҳокама этилди.

Тадбирда Деҳқон, фермерлар ва томорқа ер эгалари туман кенгаши, Қишлоқ хўжалиги бўлими, Агроинспекция, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, "Пискент Ишонч барака" кооперацияси масъуллари ва пахтакор фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этдилар. Туман ҳокими, ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари таклиф этилдилар.

Кун тартибида пахта йиғим-теримига тайёргарлик, дефолияциялаш, терим отрядларини шакллантириш, мавсумда қатнашадиган техникалар созлиги, кўнгилли теримчилар учун шарт-шароит яратиш сингари ишларнинг бориши муҳокама этилди.

Маълумки, пандемия ва карантин чекловлари сабабли банд бўлмаган аҳоли сони ортди. Айниқса, чет элга бориб ишловчи меҳнат мигрантлари ва қўшни шаҳарларга қатновчи фуқароларнинг аксарияти айни вақтда ишсиз. 1-1ярим ой давом этувчи пахта терими мавсуми ана шундай вақтинча ишсиз фуқароларнинг даромад топишига имкон яратади.

Бу ҳақда сўзлаган туман ҳокими Шуҳрат Ахмедов фермерларнинг бу борада олиб бораётган ишлари ҳақида қизиқди.

Тажрибали деҳқонлар томонидан теримни ташкил этиш бўйича тайёргарлик бошлаб юборилган. Айрим фермерлар томонидан ўз ҳудудидаги банд бўлмаган аҳоли вакиллари билан меҳнат шартромалари тузилиб, аванс тариқасида бир қисм маблағ тўлаб берилган. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази орқали теримчиларнинг бандлиги расмийлаштирилиб, маош тўланади. Шу орқали терим мавсумида қатнашувчи кўнгилли отрядлар шакллантирилмоқда.

Тадбир давомида фермерларнинг фикрлари, қишлоқ хўжалиги мутасаддиларининг тавсиялари эшитилди. Ҳудуд раислари амалга ошираётган ишлар бўйича ахборот бердилар.

Тадбир давомида "Пискент Ишонч барака" кооперацияси раҳбари Мўмин Арипов кооперация фаолияти тўғрисида сўзлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4633-сонли қарорида пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилиши белгиланган.

Туман ҳокими бу ҳақда сўзлар экан, кооперация аъзолари билан шартномалар тузиш орқали пахта хомашёсини етиштириш, қайта ишлаш ва бошқалар юзасидан келишилган чора-тадбирларни амалга оширилиши, таъсисчи фермерларнинг мулкдор сифатида кооперация таркибида маркетинг имконияти кенгайиши тўғрисида сўз юритди.

Фермерларнинг бу борадаги саволларига туман ҳокими ўринбосари Мурод Абдураҳмонов ҳамда мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.


Пискент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати



  • 654