Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Ватан васфини куйлар ўзбекнинг асл шоири

21.08.2020

Тошкент вилоятидан етишиб чиққан истеъдодли шоир-ёзувчилар талайгина. Рауф Парфи, Хайриддин Султон, Абдулла Шер, Яҳё Тоға, Шарифа Салимова шулар жумласидандир. Бугунги адабиёт майдонида Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг ҳам алоҳида ўрни бор, албатта. Ўзининг ватанпарварлик руҳидаги шеърлари, самимий мисралари, дилтортар сатрлари билан мухлислар кўнглидан жой олиб келаётган ижодкор ҳақда қисқача тўхталиб ўтамиз.

Маҳмуд Тоир 1952 йил 31 август куни Паркент тумани, Паркент қишлоғида таваллуд топган. Мактабни битиргач, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида таҳсил олган. Нашриёт, матбуот, телерадио соҳасида фаолит юритган. 2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, 2005 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланган.

«Айт энди, юрагим», «Биз нечун учрашдик», «Муҳаббат шеваси», «Оқиб кетган армонлар», «Бармоқлар бодаси», «Ҳакни таниб», «Юзтўртлик», «Сайланма», «Отамнинг ўкинчи», «Шеър ҳикмати», «Янги Тошкентнома», «Бедорларга беринг дунёни», «Уйғоқ дил» каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Назм бўлими раҳбари, уюшманинг Тошкент вилояти бўлими раҳбари, "Адабиёт зиёси" адабий нашрининг бош муҳаррири вазифаларида фаолият олиб бормоқда. Олий мажлис сенати аъзоси.

Маҳмуд Тоир ижоди ҳақда кўплаб фикрлар билдирилган. Улар орасида филология фанлари доктори Баҳодир Карим қаламига мансуб ушбу фикрлар шоир ижодига муносиб баҳо беради: "Адабий, ижтимоий, маънавий-маданий ҳаётда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир жуда фаол, ўз овозига эга забардаст, қалами ўткир ва ҳозиржавоб шоирлардан биридир. Маҳмуд Тоир шеъриятининг умумконцептуал пафосини эзгулик тараннуми ташкил қилади. Шоирнинг ҳозиргача босилган шеърий тўпламлари ва достонлари адабиёт ихлосмандларининг маънавий мулкига айланди. Маҳмуд Тоир шеъриятининг мавзу кўлами кенг ва анъанавий. Зотан, бадиий ижодда абадиятга оид мавзулар бармоқ билан санарлидир. Барча шоирлар учун муҳаббат, Ватан, ота-она, дўсти содиқ мавзулари бирдек табаррук. Аммо Маҳмуд Тоир ижодида бу мавзулар муаллиф биографиясига мос сифатлар билан орзу-истаклари, дарду армонлари эркин ва халқона йўсинда талқин этилади".

Чиндан ҳам шоирнинг халқона шеърлари, эзгулик йўғрилган сатрлари ўзбек халқи юрагидан жой олиб келаётир. Сўзнинг қудрати чексиз. Шоирнинг ўзи ҳам Сўз ҳақда шундай дейди: "Яхши ниятдан хуш фикр туғилади, эзгулик эзгуликка йўл очади. Озод ва обод Ватаннинг қадрига, энг аввало, эл-юртнинг зиёлилари етмоғи керак. Сўз айтмоққа чоғланган қалам соҳиби дунё зийнатига эмас, олам ҳикматига суянмоғи лозим. Демак асрлар оша илму ҳикмат, эзгулик, меҳру маърифат яшаб келаётган экан, биздан келгуси авлодларга қоладигани ҳам ана шу. Бунинг учун эса юртнинг шоир ва ёзувчиси тинчлик, дўстлик, биродарлик жарчисига айланмоғи, Ватан қадрига қалқон бўлмоғи, фидойи оқимнинг олдинги сафида юрмоғи, дилларда ишонч ва меҳру муҳаббат уйғотмоғи, муҳими, огоҳ бўлмоғи лозим".

Шу сўзларга исбот ўлароқ битилган шоир шеърларини эътиборингизга мамнуният билан тақдим этмоқдамиз.

ЎРГАНДИМ

Ўргатган одамнинг сўзида офтоб,

Ўрганган одамнинг юзида офтоб.

Яшамоқ — аслида сўроққа жавоб,

Эй, Сиз илк устозим — Онам, дилбандим,

Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Дердингиз, райҳонда дилнинг ранги бор,

Муҳаббат аҳлида гулнинг ранги бор,

Меҳру оқибатда элнинг ранги бор,

Элга эландим мен, сизга эландим,

Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Дегансиз, ҳақ сўзнинг ташнаси бўлгин,

Садоқат саҳросин чашмаси бўлгин,

Яхшилик азмида тўкилгин, тўлгин,

Она, дилингизда дарё кўргандим,

Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Офтоб остонамдан кетганда билдим,

Ботар манзилига етганда билдим,

Чўбин отингизни тутганда билдим,

Кеч деди, ҳеч дедим, дийдор тиландим,

Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Онани асраш бу — Ватанни асраш,

Онадек бағри кенг чаманни асраш,

Керак, ҳей, онадек гулханни асраш,

Сизни эсласам ҳам бахтга беландим,

Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Оналар дунёнинг дури азали,

Эй, сиз — кўнглим кўзин сўнмас машъали,

Соғинчим оҳининг битмас ғазали,

Руҳий оламингиз тинчин тиландим,

Ватанни севишни сиздан ўргандим.


ПАРКЕНТИМ

Қирларида қирғийсин қаноти қайрилмаган,

Овчиси имонию, оридан айрилмаган,

Сувга чўп ташлаш бунда қушга ҳам буюрилмаган,

Ватан ичра бу чаман Ватаннинг парчасидир,

Чотқол тоғ тизмалари қуёшнинг дарчасидир.

Майсалари жилмайиб, жилолар тўкар бунда,

Турналар бошингиздан дуолар тўкар бунда,

Райҳонларнинг пойига саболар чўкар бунда,

Кўрсангиз кўзингизга қувончлар чирмашади,

Юрсангиз изингизни гуллари талашади.

Жилғаларин жаранги жонингизга чертади,

Булоқлари бахт тилаб зам-зам сувлар тутади,

Кундуз қуёш, оқшом ой йўлингизни кутади,

Қушларин қўшиғида тангрининг каломи бор,

Мажнунтол таъзимида келинлар саломи бор.

Масжидларин кўкига фаришталар сиғмайди,

Бунда кимки йиғласа, Худойимга йиғлайди,

Бу масканда Бобомочин, не валийлар улғайди,

Яратган осмонидан ором сочиб туради,

Тонгда гуллар булбулга китоб очиб туради.

Момоларин алласи тошларни ҳам балқитар,

Қирқ кокилли қизлари қароғингиз қалқитар,

Паркенгда бир бор бўлган минг бир дардни унутар,

Бобурга болиш бўлган атри булоқ чаман бу,

Ҳофиз Кўҳакий суйган жаннат жамол Ватан бу.

Кимга жондай азизмас она бўлиб туққан ер,

Онам деса Маҳмудни бир сўзидан уққан ер,

Кўксига гул чечагин тумор қилиб такқан ер,

Етти эмас, етмиш минг авлодимга Ватансан,

Бағрингда ётар бўлсам сен ёдимга Ватансан.


ОҚҚАН ДАРЁ ОҚАВЕРАДИ

Сен йўлимни тўсма, эй ғаним,

Янтоқ бўлиб ўсма, эй ғаним,

Сокин дарё бу кўнглим маним,

Ишқим гулхан ёқаверади,

Оққан дарё оқаверади.

Мен қоқилсам ер кўтаргайдир,

Эрка бўлсам эл кўтаргайдир,

Ожиз аввал қўл кўтаргайдир,

Чаён зоти чақаверади,

Оққан дарё оқаверади.

Сен ҳам бир бор юлдуз бўлиб кўр,

Тун бўлмагин, кундуз бўлиб кўр,

Бир майсага илдиз бўлиб кўр,

Кўклам чечак тақаверади,

Оққан дарё оқаверади.

Ҳақ сўз жоним жаранги мени,

Шеърим дилимнинг ранги мени,

Тўкур ҳасаднинг занги сени,

Ҳавас чақмоқ чақаверади,

Оққан дарё оқаверади.

Сен кулмасанг кулмайди дунё,

Мен йиғласам йиғлайди дунё,

Бўйин бизга бўйлайди дунё,

Яхши элга ёқаверади,

Оққан дарё оқаверади.


ТЎРТЛИКЛАР

Виждон юзидаги доғдан асрасин,

Кўнгил кўзидаги ёғдан асрасин.

Маломат бозори бунчалар гавжум,

Ютиб юборади ҳақиқат сасин.

* * *

Ким қарамлик домига тушди,

Ножинс каснинг комига тушди.

Ёраб, наҳот жаннатнинг майи,

Бир нокаснинг жомига тушди.

* * *

Сўзингда нур бўлса диллар очилгай,

Кўзингда нур бўлса, йўллар очилгай.

Яхшилик ёр бўлса, ҳар ишда, Маҳмуд,

Ортингдан дуога қўллар очилгай.


Таниқли шоир ва жамоат арбоби Маҳмуд Тоирнинг ижодий "лабораторияси"да юртимиз гўзаллиги, она ватанга садоқат, ўзбек халқининг эзгу ҳислатларини тараннум этгувчи оташнафас шеърлар янада кўплаб битишига тилакдошмиз. Келажак авлод учун қолдираётган адабий мерослари салмоғи ҳамиша бугунгидек юқори бўлсин!


Нодирабегим Иброҳимова,


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

  • 672