Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Тошкент вилоятининг экспорт салоҳияти ортиб бормоқда

16.12.2020
Тошкент вилоятида экспорт бўйича олиб борилган амалий ишлар натижасида жорий йилда 273 та янги корхоналар экспортга жалб этилган.

Жумладан, уларнинг 161 таси саноат, 112 таси эса қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият юритади.

Ҳозирга келиб вилоятда экспорт фаолияти билан шуғулланувчи экспортёр корхоналар сони 578 тага етди.

Шунингдек, 2019 йилда вилоят экспортёр корхоналари томонидан 307 турдаги 731 хил маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган бўлса, жорий йилда 411 турдаги 1 минг 48 хил маҳсулотлар экспортга йўналтирилган. Бу эса ўтган йилга нисбатан қўшимча яна 104 турдаги 317 хил маҳсулотлар экспортга йўналтирилди демакдир.

Буларга мисол қилиб маиший рўзғор буюмлари, қурилиш материаллари, болалар ва катталар трикотаж маҳсулотлари, пластик маҳсулотлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, импорт ўрнини босувчи автомобиль эҳтиёт қисмлари, этил спирти, декоратив мебель маҳсулотлари, паррандачилик инкубаторлари, янги турдаги қандолат маҳсулотлари, тиббий гигиеник маҳсулотлар, металл маҳсулотлари, турли хилдаги юмшоқ гиламлар, гўшт маҳсулотлари, аёллар ва эркаклар пойабзаллари, бир неча турдаги қурилиш материалларини келтириб ўтиш мумкин.

Аҳамиятлиси, ўтган йилларда вилоятда импорт бўлиб келган газоблок маҳсулотлари 2020 йилда катта ҳажмларда ишлаб чиқарилиши натижасида экспортга ҳам йўналтирилди.

Ўтган йилда вилоятнинг экспорт географияси 56 та давлатни қамраб олган бўлса, 2020 йилда ушбу рўйхатга Эстония, Бангладеш, Замбия, Швейцария, Таиланд, Саудия Арабистони, Канада, Қатар, Австралия каби давлатлар қўшилди. Ҳозирда вилоят экспорт географиясидаги давлатлар сони 67 тани ташкил этмоқда. Демак, бунда давлатлар сони 11 тага ортган.

Экспорт кўрсаткичларини давлатлар кесимида оладиган бўлсак, вилоят ҳудудида

Россия Федерацияси (189,8 млн. АҚШ доллари),
Қозоғистон (100,9 млн. АҚШ доллари)
Хитой (42,5 млн. АҚШ доллари),
Туркия (31,9 млн. АҚШ доллари)
Афғонистон (23,2 млн. АҚШ доллари) каби давлатлар етакчи ҳисобланади.




  • 203