Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Педагог ҳам китоблар муаллифи

28.08.2019
Бугун ҳукуматимиз томонидан ўқитувчи зиёлиларга катта эътибор қаратилмоқда. Улар ўз меҳнатларидан эъзоз топиб, Ватанимизни юксак мукофотларига, унвонларига сазовор бўлмоқдалар. Улар меҳнатига берилган юксак баҳо таълим тизимига кўрсатилган улкан эътибордир. Бу йил 28 июль куни ана шундай улкан эътибор таълим аҳлига яна бир бор кўрсатилди. Шу куни туманимиздаги 8-мактаб ўқитувчиси, тарих фани фидойиси Усмон Жўраевга “Турон” фанлар академияси томонидан “Академик” унвони берилди. Усмон Жўраев туманимиздаги “Катта Равот” маҳалласида таваллуд топган. 8-мактабда ўқиб юрган кезларида методик ўқитувчи Эшқул Муртозоев, Эгамберди Мирзақуловлар унинг қалбида ўқитувчилик касбига бўлган қизиқишни алангалатдилар. У болалигидан тарих фанига қизиқарди, тарих фани дарсларида устозларининг сабоқларини завқ-шавқ билан тинглар эди. Тарихий асарларни кўпроқ мутолаа қилганиданми ёки юқорида номлари зикр этилган устозлари сабабли, ҳужжатларини ҳеч иккиланмай Тошкент Давлат университетининг тарих факультетига топширди.
Ёшлигидан отадан эрта етим қолиб, кўп қийинчиликлар кўришига қарамай илм йўлини тутган Усмон Жўраев талабалик даврида ҳам илмга чанқоқлиги, чаққон ва тиришқоқлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. У талабалик давридаёқ аъло ўқишлари ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун “Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун” медали билан мукофотланди. 1973 йил Олмота шаҳрида университетлар талабалари ўртасида ўтказилган халқаро илмий кенгашда ўз маърузаси билан иштирок этди.
Беш йил ҳам ортда қолди. У ўзи ўқиган мактабга ишга келди. Ишга келган йилиёқ у ўзининг изланувчан ва талабчанлигини намойиш эта билди. Тарих ва ҳуқуқшунослик фанларидан дарсларни ноанъанавий тарзда ўтиб, устозлари ишончини қозонди.
Усмон Жўраев 1981 йилда Ўзбекистон ўқитувчиларининг VI-съездида делегат этиб сайланди. Унинг илмий мақолалари газета ва журналларда чоп этила бошланди. Бу хизматлари учун “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 1984 йилда Москва шаҳрида ўтказилган тарих-ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг илмий-амалий конференциясида ўз маърузаси билан қатнашди. 1985 йилда унга “Методист ўқитувчи” унвони берилди.
-Истиқлол менга бахт берди, -дейди Усмон Жўраев. –Мустақиллик туфайли ўз касбимдан эъзоз топдим. Ижод қилишга, илмий изланишлар олиб боришга, илм-фаннинг юксак чўққиларини эгаллашга имкониятлар яратилди.
Ижодкор ўқитувчи 1995 йилда иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди. 1998 йилда Саиджонов ҳаммуаллифлигида “Дунё динлари тарихи” бўйича ўқитувчига қўлланмани нашрдан чиқарди. Шундан сўнг республика таълим марказининг тарих ва ижтимоий фанларни ўқитиш бўйича илмий кенгаш аъзолигига қабул қилинди. 1998 йил унинг хизматлари эвазига 8-мактаб тарих фани бўйича республика таянч мактаби этиб белгиланди. Мактабда иккинчи марта республика тарих фани ўқитувчиларининг конференцияси ўтказилди.
Тиниб-тинчимас Усмон Жўраевга 2000 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони берилди. Ижодкор ўқитувчи 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистонда янги авлод дарсликларини яратиш учун эълон қилинган Республика танловида иштирок этди ва 5-синф “Тарихдан ҳикоялар”, 8-синф “Ўзбекистон тарихи”, 8-синф “Жаҳон тарихи”, 9-синф “Жаҳон тарихи” дарсликларини яратди. Бу дарсликлар етти тилда нашр этилган. Шу кунгача тўрт марта қайта нашрдан чиқди. Ижодкор ўқитувчининг хизматлари инобатга олиниб, 2005 йил “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди. 14 йил давомида тарих фани бўйича ўтказилган методик йиғилиш, конференцияларда ўз маърузалари билан иштирок этиб келмоқда. Усмон Жўраев нафақат ижодкор ўқитувчи, тарих фанининг билимдони, балки жамоат ишларида ҳам фаол, жамиятнинг олди инсонларидан биридир. У бир неча маротаба Халқ депутатлари туман Кенгашига депутат этиб сайланди. Унга депутат сифатида “Катта Равот” округидангина эмас, туманимизнинг барча ҳудудларидан фуқаролар ишонч билан мурожаат қилишади.
-Ўзбекистоннинг тарихи қанчалар буюк бўлса, унинг келажаги ҳам шунчалар буюкдир, -дейди Усмон Жўраев. –Бугун мен ишлаётган мактабда таҳсил олаётган ёшларнинг пухта билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мактабда ишлаётган 40 нафар педагог ходимларнинг 38 нафари мен ўқитган ўқувчиларим, шогирдларим. Мен улар сафида юртимиз тараққиёти учун хизмат қилаётганимдан фахрланаман.


Манба: Бўка тумани ахборот хизмати болими.

  • 726