Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Тошкент вилоятида ўқитувчи ва мураббийлар байрами тантаналари ўтказилди

Тошкент вилоятида ўқитувчи ва мураббийлар байрами тантаналари ўтказилди
30.09.2019
Олмалиқ шаҳрида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами тантаналари кўтаринки руҳда, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилди.
Эрта тонгдан шаҳар марказидаги “Металлург” маданият саройига вилоятимизнинг турли ҳудудларидан ўқитувчилар, мураббийлар, марказий телеканаллар ва нашрларнинг мухбирлари етиб келдилар.
Айниқса, куни кеча давлатимиз раҳбарининг Фармони билан нуфузли орден ва медалларга сазавор бўлган устоз-мураббийларнинг чеҳрасида ўзгача кўтаринки руҳ, хушнудлик балқиб турар эди.
Мазкур саройга ёндош ҳудудда эса чинакамига умумхалқ сайли бошланиб кетди. Бунда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш иштиёқи барқ уриб турган минглаб юртдошларимиз заҳматкаш ўқитувчиларга аталган, уларнинг меҳнат фаолиятига бағишланган кўргазма, павильонларни эҳтиром, ҳавас билан томоша қилишди.
Соат 11:00. Вилоят фаоллари, барча шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган устоз ва мураббийлар жамулжам бўлган тантанали маросимга Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев кириб келди.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табриги Тошкент вилояти раҳбари Рустам Холматов томонидан ўқиб эшиттирилди.
Мамлакатимиз Президентининг байрам табриги залга йиғилган барча устоз ва мураббийларни тўлқинлантириб юборди. Табрик матнидаги “Биз халқимизнинг энг катта бойлигини – миллионлаб фарзандларимиз, жондан азиз ўғил-қизларимизнинг тақдирини, Ўзбекистон истиқболини сизларга ишониб топширганмиз”, деган жумлалар ўқиб эшиттирилганда, барча оёққа қалқиб, юракдан чиққан ҳаётбахш сўзлар учун миннатдорлик билдирди.
Шу жойнинг ўзида Президентимиз Фармонига мувофиқ ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланган ўқитувчи ва мураббийларга мукофотни тантанали вазиятда топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мукофотланганлар сўзга чиқиб, чуқур миннатдорлик сўзларини айтаркан, ўқитувчи касбига эътибор ва эҳтиром кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани – соҳа вакиллари учун нафақат юксак шараф, қолаверса, алоҳида масъулият бағишлашини жўшиб гапирдилар.
Шунингдек, алоҳида меҳнат ютуқлари, касбга фидойилик, юксак Ватанпарварлик намунасини кўрсатиб келаётган 20 нафар ўқитувчи ва мураббийлар Тошкент вилояти ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғаси билан тақдирландилар. Уларнинг ҳар бирига замонавий ноутбук тақдим этилди.
Халқ таълими вазирининг ўринбосари Д. Кенжаев вазирлик томонидан мукофотланган ўқитувчи ва мураббийларга аталган нишон ҳамда совғаларни тантанали вазиятда ўз эгаларига топширди.
Вилоят маданият бошқармаси томонидан тайёрланган бадиий қисмда ўзбек санъати усталари, халқ ва фольклор жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди. Маросимда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Тошпўлат Маткаримов, Ғиёс Бойтоев, Илҳом Фармонов сингари таниқли хонандалар дилрабо куй ва қўшиқларини ижро этдилар.
Кунинг иккинчи ярмида муҳташам “Тожмаҳал” мажмуасида бир пиёла чой устида гўзал суҳбатлар дилбар куй-қўшиқлар жўрлигида давом эттирилди.
Вилоятимиз бўйлаб тантанали байрам сайиллари, устозга эҳтиром айёми давом этмоқда.


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

  • 860