Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Тадбиркор ёшлар саволларига жавоб олди

01.04.2017
Оҳангаронлик ёш тадбиркор Эргашали Сулаймонов 2014 йилда "Ёш тадбиркор – элга мададкор" танловида ғолиб бўлиб, "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат банкининг туман филиалидан 32 миллион сўмлик имтиёзли кредит олган. У раҳбарлик қилаётган "Яккатут" масъулияти чекланган жамияти хўжалик ва қурилиш молларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада бир кунда 7 тоннагача мих ва алюминий сим ишлаб чиқарилади. Эргашали ўтган йили банкдан олган кредитини тўлаб, яқинда яна 120 миллион сўмлик имтиёзли кредит олди. Бу маблағ корхонани янада кенгайтириш, замонавий технологиялар сотиб олиш, коллеж битирувчилари учун қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилади. Бироқ Эргашали иш жараёнида турли тўсиқлар, муаммо ва асоссиз аралашувларга дуч келмоқда... 

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган «Ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш» мавзуидаги семинарда Эргашали сингари ёшлар ўз тадбиркорлик фаолиятида дуч келаётган турли муаммолар бўйича соҳа мутахассисларидан жавоб олди. Унда ёш тадбиркорлар, давлат органлари, тижорат банклари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси ўринбосари Ў.Шукуров, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Икромов, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ҳ.Шокиров, Марказий банк раисининг ўринбосари Ш.Шоаҳмедов, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи У.Камолиддинов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ёшлар фаоллигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани хусусида сўз юритди. 

Очиқ мулоқотда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес-режа тузиш, инновацион ғоялар ва технологиялар асосида экспорт-импорт операцияларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Соҳа мутахассислари тадбиркорларга яратилган имтиёз ва преференциялар, қонун ҳужжатларида хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар, солиқ, божхона ва рўйхатдан ўтказиш турлари бўйича имтиёзлар, гаров ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби юзасидан тегишли тавсиялар берди. 

– Корхонамизда алюминий эшик ва ромлар ишлаб чиқарилади, – дейди "Зара-Сара" хусусий корхонаси раҳбари Илҳомжон Исоқов. – "Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банкининг Паркент тумани филиалидан имтиёзли кредит олган эдик. Бу маблағни эшик-ром, металл дарвозалар ишлаб чиқаришга йўналтириб, 8 нафар ёшни иш билан таъминладик. Мен бугунги очиқ мулоқотга фаолиятимизда дуч келган муаммо – хориждан симни қайта ишловчи замонавий техника олиб келиш учун валюта айирбошлаш ҳамда ижарага қўшимча бино олиш масаласи билан мурожаат этдим. 

Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳани молиявий қўллаб­ қувватлаш, турли тўсиқларга барҳам бериш бўйича яратилган ҳуқуқий кафолатлар ҳақида маълумотлар берилди. 

Очиқ мулоқотда ёш тадбиркорлар ўзларини қизиқтираётган саволларга жавоб олди. 

Манба: ЎзА

  • 964