Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

МУАММОНИНГ ЕЧИМИ – ҲАМКОРЛИКДА

25.03.2017
Вилоятимизда жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни муносабати билан тадбирлар давом этмоқда. Жумладан, Бекобод туманида 48 та маҳалла, 110 та корхона-ташкилот, 22 та мактаб, 7 та касб-ҳунар коллежи ва 10 та мактабгача таълим муассасасида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари ўтказилди.
124 нафар шубҳали шахслар туман ИИБ ва ҳудудий профилактика таянч пунктларига келтирилиб, улар билан суҳбатлашилди.
Туман прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Ё. Сафаров, туман ИИБ бошлиғи У. Жўраев, туман "Халқ банки" филиали бошқарувчиси Ж. Шерназаров, туман "Агробанк" филиали бошқарувчиси Б. Азизов томонидан Далварзин қишлоғидаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган учрашувда кенг жамоатчилик иштирокида жиноятчиликнинг олдини олиш, айниқса, ёшлар ва аёллар жиноятчилигига барҳам бериш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Уларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди.
Хусусан, туман ҳудудида вояга етмаганлар томонидан содир этилган ўғирлик ва талончилик жиноятлари атрофлича муҳокама этилди. Сўзга чиққанлар нафақат вояга етмаганлар иштирокида содир этилган жиноятлар, балки бошқа турдаги ҳар қандай жиноятлар жамият ҳаётидаги қора доғ эканлиги, уларнинг олдини олиш учун лоқайдликдан қутулиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ўқув муассасалари, маҳалла ва оила ҳамкорлигини кучайтириш, жамоатчилик ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолатларига ўзининг ҳаққоний баҳосини бериб бориши лозимлигини таъкидладилар.
- Ёшларимиз бугунги имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўз келажакларига мустаҳкам пойдевор қўйиб, аъло ўқишлари, спорт билан шуғулланиб боришлари зарур, - дейди туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ш. Эшонқулов. - Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг кўпайишида барчамизнинг айбимиз бор, албатта. Ушбу камчиликларни фақат ва фақат ҳамжиҳатлик, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатимиз билангина бартараф этишимиз мумкин.

Манба: Камола БОЛТАХЎЖАЕВА, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси юрист-консультанти.

  • 995