Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Нурафшонда ўйинчоқ фабрикаси қурилади

Нурафшонда ўйинчоқ фабрикаси қурилади
17.09.2020
Нурафшон шаҳрида хорижий инвестиция лойиҳаси асосида ўйинчоқлар фабрикаси бунёд этилмоқда. Мурватини бурасангиз шахдам қадам ташлайдиган роботчалар, шўх-шодон болакайлар маза қилиб учадиган велосипедлар, қўлга олсангиз қувват батареялари асосида юриб кетадиган ёқимтой ва момиқ кучукчалар...

Болажонларнинг энг севимли ўйинчоқлари сафидан жой оладиган бу каби ўйинчоқлар ва техника воситалари эндиликда Нурафшон шаҳрида ишлаб чиқарилади.

Ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш асосида амалга оширилиши режалаштирилаётган ушбу лойиҳа ташаббускори Хитойнинг “CHINA KAYAN STAR BUSINESS” масъулияти чекланган жамияти бўлиб, электр ўйинчоқлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа асосида йилига 40 минг дона импорт ўрнини босувчи сифатли ва жаҳон андозаларига мос робот ўйинчоқлар, замонавий русумдаги юмшоқ ўйинчоқлар, велосипедлар ишлаб чиқарилади.

Ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Корхона бунёд этилгач, тўла қувватда ишга тушгач, 90 та иш ўрни яратилади.

Янги лойиҳанинг афзалликлари шундаки, корхона ишга туширилгач, унда янги иш ўринлари ташкил этилиши билан бир қаторда бюджетга солиқ тушуми ортади. Бундан ташқари, аҳоли учун қўшимча даромад манбаи яратилади, болажонларимиз учун хорижникидан асло қолишмайдиган қизиқарли ўйинчоқлар ишлаб чиқарилиб, ички бозорга йўналтирилади.


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

  • 606