Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

КИЧИК БИЗНЕС: ИМТИЁЗ, ИМКОНИЯТ, РАҒБАТ

29.03.2017
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жалб этиш, тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг хорижий шериклар билан алоқаларини йўлга қўйиш орқали экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Табиийки, шундай имкониятлар мавжуд бўлишига қарамай, кимдир бизнес режасини тўғри тузиш ва расмийлаштириш, айримлар рўйхатдан ўтиш ёки рухсат берувчи лицензия олиш, яна кимдир бошланғич маблағ топиш ёки коммуникация тармоқларига уланиш, бошқаси маҳсулот учун сертификат олиш жараёнида зарур маслаҳатга муҳтож бўлиши ёки бирон муаммога дуч келиши мумкин.
- Бошқарма ва унинг жойлардаги бизнес марказлари мутахассислари шундай вазиятларда тадбиркорларга ёрдам беришга тайёр туришлари шарт, - дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Файзулла Маманов. - Шу мақсадда туман ва шаҳарларда ишбилармонлик муҳитининг шаклланиш ҳолати сўровномалар орқали мунтазам ўрганилмоқда. Айтиш керакки, тадбиркорлар билимини оширишга қаратилган ишлар, жумладан, ҳафтанинг ҳар жума куни мамлакат миқёсида ўтказилаётган "Тадбиркорлар куни" яхши самара бермоқда. Ўтган йили ушбу тадбирларда 8255 тадбиркор иштирок этиб, улардан тушган 1719 та мурожаат юзасидан зарур маслаҳатлар берилди ва тегишли ташкилотлар орқали ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, жойларда тадбиркорлар учун ташкил этилаётган тўғридан-тўғри мулоқотлар ҳам мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, 2015 йил давомида бошқарма ҳамда туман ва шаҳарлардаги ахборот-маслаҳат марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, бухгалтерия ҳисоби, солиқ ҳисоботларини шакллантириш, бизнес режаларни ишлаб чиқиш, суғурта хизматлари ва тадбиркорлик субъектларини электрон тарзда рўйхатдан ўтишига кўмаклашиш бўйича 7091 дан ортиқ ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдамлари кўрсатилди. Тадбиркорларнинг ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш мақсадида "Интернетдан самарали фойдаланиш", "Электрон бухгалтерия ҳисобини олиб бориш" ва "Молия ҳисоботларини электрон онлайн тарзда топшириш" йўналишида курслар ташкил этилди.
Маълумки, тадбиркорларнинг саноат ярмаркалари ва кооперацион биржа савдоларида иштирок этиши янги ҳамкорлар топиш ва маҳсулотни экспорт қилиш имконини беради. Шулар эътиборга олинган ҳолда шаҳар ва туманлардаги 816 та тадбиркорлик субъектига халқаро кўргазма ва тармоқ саноат ярмаркаси ҳамда кооперация биржаларида ўз маҳсулотлари билан иштирок этишига кўмаклашилди.
Айни пайтда вилоятдаги саноат корхоналари ва кичик тадбиркорлик субъектларига ҳудудий бошқарма экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш юзасидан маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Масалан, ҳудудий бошқарма кўмагида 10 та тадбиркорлик субъекти хорижий давлатларда бўлиб, замонавий мини технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш бўйича 4 миллион 70 минг долларлик шартномалар ни имзолади. Бундан ташқари, 85 тадбиркор 12 давлатда ташкил этилган бизнес-форумларда иштирок этиб, хорижий ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишувга эришди. Умуман, ўтган йили бошқарма кўмагида тадбиркорлик субъектлари 4,1 миллион долларлик замонавий технологияларни олиб келишга муваффақ бўлди.
Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга чиқаришда ҳам тадбиркорларнинг энг яқин кўмакчисига айланаётгани эътиборлидир. 2015 йил давомида ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқарган 7 миллион 395 минг долларлик маҳсулот экспорт қилингани бунинг тасдиғидир.
Вилоятимиз тадбиркорлари ҳар йили ўтказилаётган анъанавий "Ташаббус" кўрик-танловида фаол иштирок этишмоқда. Зангиота туманидаги "Такро Осиё" масъулияти чекланган жамияти кўрик-танловнинг 2015 йилги, "Бекобод қўрғони" фермер хўжалиги эса бу йилги республика босқичида ғолиб топилди.
Бошқарма ўтган йили палата аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиб, судларга 2839 та даъво аризаси киритди ва унинг 1448 таси ижобий ҳал этилди, 27 та масала судга қадар ечим топди, 1363 та ариза тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.
Ҳудудий бошқарма ва унинг жойлардаги бизнес марказлари тадбиркорларга кўрсатаётган амалий ёрдам самараси ўлароқ айни пайтда палатага аъзо хўжалик юритувчи субъектлар 3640 тага етди.
Ҳудудий бошқарманинг "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракати билан шаҳар ва туман касб-ҳунар коллежларининг уч минг дан зиёд битирувчиси "Менинг бизнес ғоям" танловида иштирок этди. Лойиҳалари истиқболли деб топилган 552 дан зиёд иштирокчи умумий қиймати 5 миллиард сўмлик банк кредити олиш учун сертификатга эга бўлди. Ёш авлод вакилларини рағбатлантириш мақсадида вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган "Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам", "Диплом билан бизнесга", "Ёш тадбиркор", "Ёш тадбиркор - элга мададкор", "Бир тадбиркор - уч ҳамкор" танловларида қатнашган иқтидорли ёшлар ҳам бошқарманинг махсус соврини ва сертификатларини қўлга киритди.
- Ўтган йили "Ёш тадбиркор - элга мададкор" танловида ўқув глобуслари ишлаб чиқаришга оид лойиҳам билан ғолиб бўлдим, - дейди Қибрай туманидаги "Зиё Глобус" хусусий корхонаси раҳбари Бобур Зокиров. - Айни пайтда олинган имтиёзли кредитни корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш, янги ускуналар харид қилиш, ўқув муассасалари учун кўргазмали қўлланмалар ишлаб чиқаришга йўналтираяпмиз.
Мухтасар айтганда, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармасининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўрсатаётган хизмат турларини янада кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлари ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётир.

Манба: Юлдузхон МУҲИДДИНОВА, "Тошкент ҳақиқати" мухбири.

  • 967