Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР АМАЛИЁТИ

07.04.2017
Қибрай туманидаги "Navruz Internatsional Сorp" корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган салқин ичимликлар қисқа муддатда ўз харидорини топди. Эътиборлиси, кейинги пайтларда уларга хориж давлатларида ҳам талаб ортмоқда.
Хусусан, 2016 йилда биргина қўшни Қирғизистонга 50 минг доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди. Айни кунларда Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонлик ишбилармонлар билан янги шартномалар тузилмоқда.
- Бозор иқтисодиётининг ўзига хос талаб ва қонуниятлари бор. Бугун ўз бизнесининг эртанги истиқболини ўйламаган, изланишдан тўхтаб қолган тадбиркорнинг бир нимага эришиши қийин, - дейди корхона директори Рустам Назирбеков. - Биз корхонамиз ташкил этилган 2003 йилдан буён ушбу ақидага амал қилиб келамиз. Хусусан, буни сўнгги йилларда ишлаб чиқариш цехларимизнинг Германия ва Италиядан келтирилган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланганлиги ва бошқа бўғинларда ҳам модернизация жараёнининг изчил давом эттирилаётгани мисолида кўриш мумкин. Албатта, самарадорлик билан бирга сифат ҳам доимий эътиборимизда.
Келгусида корхонани янада кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича аниқ истиқболли йўналишлар ишлаб чиқилган. Айни пайтда бу ерда 120 нафар мутахассис ва ишчи ходимлар меҳнат қилмоқда.
Уларнинг асосий қисмини тумандаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар ташкил этаётир. Ўтган йили ёш ходимларнинг 25 нафари замонавий техника ва ускуналарни бошқариш бўйича Германияда малака ошириб қайтди.
Яна бир янгилик шуки, маҳсулот таннархини арзонлаштириш, истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш мақсадида шу ернинг ўзида тайёрланаётган ичимликларни қадоқлашда фойдаланиладиган турли ҳажмдаги пластик идишлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Яқин кунларда фойдаланишга топшириладиган навбатдаги цех орқали шу ёз мавсумидан бошлаб истеъмолчиларга бир қатор янги турдаги шарбат ва ичимликлар тақдим этилади. Бу ерда ҳам маҳаллий ёшлар меҳнат қилишади. Шу мақсадда ҳозирнинг ўзидаёқ касб-ҳунар коллежларининг 25 нафар битирувчилари билан шартнома имзоланган.
Корхона раҳбари айтганидек, бугунги тадбиркор фақат савдо-сотиқ билан шуғулланадиган киши эмас, балки йўқдан бор қиладиган, изланувчан ишбилармон, бир сўз билан айтганда, ислоҳотчи бўлмоғи керак. Энг муҳими, республикамизда бундай тоифадаги тадбиркорларга ўз режаларини амалга ошириш учун барча ҳуқуқий асослар, шарт-шароит ва имтиёзлар яратиб берилмоқда.

Манба: Юлдузхон МУҲИДДИНОВА, "Тошкент ҳақиқати" мухбири

  • 960