Сўровнома
Ҳокимият янгиликлари
Ибрат олса арзийди
02.10.2019Октябрь ойининг биринчи ҳафталиги "Кексалар ҳафталиги" деб эълон қилинди. Бундан руҳланган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари ёшларга ибрат кўрсатиш мақсадида пахтазорга чиқишди. -Бу шижоатли отахонлар кўп йиллар ички ишлар тизимида меҳнат қилишган, -дейди вилоят ички ишлар бош бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси Абдужабборо Юсупов. -Бўка туман ичик ишлар бўлими фахрийлар кенгаши раиси Абдурасул Акмалов ташаббусини барча фахрийлар қўллаб-қувватлашди. Белларига этак боғлаб, пахтазорга кириб кетишди. Тушлик яқинлашгач, "Олтиш" маҳалласидаги "Улуғбек Музаффар файз" фермер хўжалигининг раҳбари Бахтиёр Салимов тарозини кўтариб, келиб қолди. Кекса отахонлар оқ олтин тўла этакларини бирин-кетин тарозига қўйишди. Ким чаққон эканлиги хирмонда маълум бўлди. Олтиш маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўткир Мавлонов, туман ёшлар иттифоқи раиси Нурали Тошматов тушликкача илғор бўлганларни бирин-кетин ўз совғалари билан рағбатлантиришди. -Мен ҳам кўп йиллар туман ички ишлар бўлимида хизмат қилганман, -дейди "Улуғбек Музаффар файз" фермер хўжалигининг раҳбари Бахтиёр Салимов. -Ички ишлар фахрийларининг туманимиз улкан хирмонига ҳисса қўшиш ниятида келганлигидан қувониб кетдик. Улар хўжалигимиз аъзолари билан ёнма-ён туриб, кўтаринки кайфиятда пахта теримида иштирок этишди. Кекса отахонлар ибрат олса арзигулик ишни амалга оширишди. Уларга ҳамиша соғ-саломат бўлишликни тилаб қоламиз.
Манба: Бўка тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.
-
-
898