Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

БЎСТОНЛИҚЛИК БОКСЧИ «UZBEK TIGERS» ҒАЛАБАСИГА ТАМАЛ ТОШИНИ ҚЎЙДИ

БЎСТОНЛИҚЛИК БОКСЧИ «UZBEK TIGERS» ҒАЛАБАСИГА ТАМАЛ ТОШИНИ ҚЎЙДИ
07.04.2017
Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси - AIBA томонидан ташкил этилган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс сериялари VII мавсуми қизғин паллага кирди. Дунёнинг энг кучли 12 жамоаси иштирок этаётган ушбу нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини "Uzbek Tigers" боксчилари муносиб ҳимоя қилмоқда.
WSB турнири жамоавий мусобақа бўлиб, унда иштирокчилар ҳар бир учрашувда бештадан боксчини рингга чиқаради. Бу турнир спорт оламининг энг нуфузли анжумани - Олимпия ўйинларига лицензия берадиган мусобақа ҳисобланади.
"Uzbek Tigers" WSB турнирининг "С" гуруҳида Хитойнинг "China Dragons", Россиянинг "Patriot boxing team" ва Қозоғистоннинг "Astana Arlans Kazakhstan" жамоалари билан рақобатлашмоқда.
Дастлабки икки турда сафарда Хитой ва Қозоғистон боксчиларига имкониятни бой берган ҳам юртларимиз Тошкентда ўтказилган учрашувларнинг барчасини муваффақият билан якунлади. Аввалига "Patriot boxing team" ва "China Dragons" жамоаларини бир хил - 5:0 ҳисобида мағлуб этган "Uzbek Tigers" бешинчи турда қозоғистонлик чарм қўлқоп усталари билан рақобатлашди.
WSB турнирининг икки карра ғолиби - "Astana Arlans Kazakhstan" жамоасига қарши учрашувни бўстонлиқлик боксчи Элнур Абдураимов бошлаб берди. Жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори бўлган истеъдодли боксчимиз қозоғистонлик рақиби Дилмурод Мижитовни катта устунлик билан мағлубиятга учратиб, жамоамизнинг муҳим ғалабасига ўз ҳиссасини қўшди.
- Тошкент вилоятидан етишиб чиқиб, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчилар, жумладан боксчилар жуда кўп, - деди Элнур Абдураимов. - Мен ҳам улардан бириман. Нуфузли мусобақада иштирок этаётганимдан ва "Uzbek Tigers" аъзоси сифатида ғалаба қозонганимдан мамнунман.
Элнур Абдураимов бошлаб берган ғалабали юриш ни қолган боксчиларимиз муваффақиятли давом эттирди. Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматов Осиё чемпиони Темиртас Жусуповни, Ўзбекистон чемпиони Абдулҳай Шораҳматов Осиё ўйинлари ғолиби Илёс Сулейменовни, Осиё ўйинлари кумуш медаль совриндори Исроил Мадримов Қозоғистон чемпиони Сапарбай Айдаровни мағлубиятга учратди. Ўзбекистон чемпиони Зуҳриддин Маҳкамов эса Осиё ўйинлари ғолиби ва Осиё чемпиони Антон Пинчукка ютқазди.
Бунгача мағлубият нималигини билмай келаётган "Astana Arlans Kazakhstan" жамоасини 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратган ўзбек боксчилари муддатидан олдин плей-офф босқичига йўлланма олди.
Энди "Uzbek Tigers" гуруҳдаги сўнгги учрашувни 22 апрель куни Россияда "Patriot boxing team" жамоасига қарши ўтказади.

Манба: Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ, "Тошкент ҳақиқати" мухбири

  • 910