Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Ангренда качон ростмана китоб дўкони очилади?

01.04.2017

Ёки китобхонликни тарғиб қилиш юзасидан баъзи мулоҳазалар

Мактабимизда китобхонлик мада­ниятини шакллантириш мақсадида 5-9- синф ўқувчилари орасида “Энг китобхон ўқувчи”, “Энг китобхон синф” танлови эъ­лон қилинди.

Танлов натижасида саралаб олинган ўқувчилар ўртасида ўқилган бади­ий адабиётлар бўйича икки босқичда “Ки­тобхон ринг” беллашуви ўтказилди ва ғолиб ўқувчи аниқланди. Бундан ташқари аввал­дан ўқишга тавсия этилган беш номдаги (“Икки эшик ораси”, “Юлдузли тунлар”, “Ал­видо болалик”, “Болалик”, “Мунгли кўзлар”) асарлари юзасидан “Заковат” кечаси таш­кил қилинди. Ўқувчиларимизни шу эзгу ишга тарғиб қилиш мақсадида маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари Бек­зод Норматов ғояси билан мактаб кутубхо­начиси ҳар бир синф ўқувчиларига қўшимча жадвал асосида машғулот олиб борди. Бунда ўқувчилар адабиёт ўқитувчилари ёки синф раҳбарлари билан кутубхонага ташриф буюришди, уларга китобларнинг аҳамияти, китоб ўқиш зарурати, маданияти, буюк сиймоларимизнинг мутолаага муноса­бати тўғрисида 45 дақиқалик ноанъанавий дарс-суҳбатлар ўтказилди.

Наврўз байрами арафасида мактабимиз­да пойтахтдаги “Китоб олами” савдо маж­муасининг кўчма дўкони ташкил этилди.

* * *

Китобга ихлос, мутолаага муҳаббат ‒ бизга аждодлардан мерос. Бобо-ю момола­римиз китобни ниҳоятда азиз билиб, баланд токчаларда ёки халтачаларга солиб асраш­ган, оқшом пайтлари йиғилишиб китобхон­лик қилишган экан. Асосан саводи бор киши ўқиган, бошқалар эса эшитишган.

Бугун китоблар кўп, ҳамма саводли, лекин мутолаа унчалик эмасдай. Инсон фақат нон билан, овқат билан тирикмас, ақлимизни, онгимизни тўлдириш учун маъ­навий озуқа бўлган китоб ҳам керак. Шун­га эҳтиёж сезган киши яхши китоб изласа қаерга бориши керак? Табиийки, кутубхона ёки китоб дўконига... Мактаб кутубхонала­рининг фонди ўқувчиларининг ўзлари учун ҳам етарли эмас. Демак, яқин атрофидаги аҳолини китоб билан таъминлай олмайди. Шаҳримиздаги бир пайтлар гавжум бўлган Ойбек кутубхонасида ҳам бугун аҳвол қониқарли даражада эмас, у биргина ку­тубхона ходимларининг саъй-ҳаракатлари билангина фаолият юритмоқда.

Шаҳримиз йил сайин чирой очиб, кўркамлашиб бормоқда. Ҳар қадамда озиқ-овқат, кийим-кечак дўконлари, до­рихонадан тортиб “пайнет” шаҳобчаларию тўйхоналаргача кўпайиб қолган. Булар­нинг барчаси ‒ ҳаётимиз фаровонлиги ва тўкинчиликдан, албатта. Ана шу бунёд­корлик ишлари қаторида, кичик бўлса ҳам, чиройли дизайнда қурилган, сара бадиий, маънавий-маърифий асарларни жамлаган замонавий китоб дўкони очилса шаҳримизга жуда ярашган бўларди. Ўқув қуроллари сотиладиган дўконларимиз кўп, уларнинг бир бурчагида китоблар учун жой ажратилган. Лекин у ердан ҳамма вақт ҳам керакли китобни топиб бўлмайди. Мавжуд китобларнинг асосий қисми енгил ўқиладиган савияси бундайроқ китоблардан иборат, бундай китоблар кишига ҳеч нарса беролмайди, аксинча савияни пасайтиради, китоб ҳақидаги ижобий фикрларни йўққа чиқаради.

Шу йилнинг 12 январида Президенти­мизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш, тарқатиш тизимини ривожлантириш, ки­тоб муомаласи ва китобхонлик маданияти­ни ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тартиби тўғрисида”ги фармойиш эълон қилинганида китобга меҳри баланд кишилар суюнди. Бошқалар суюнмаса-да, атрофидагиларни китобхон­ликка даъват эта бошлашди. Менимча, ки­тобхонликни тарғиб қилиш баҳонасида, бу мавзуни ҳар жойда тиқиштиравериш ҳам тўғри эмас. Қаерга қараманг, китоб жаво­ни олдида суҳбат, мусобақа, тадбир, қизлар сепига китоб, кутубхона ташкил килиш, кутубхона аъзоларини кўпайтириш ҳақида гап-сўзлар кўпайди. Бу нарсалар китоб­хонлик даражасини кўтармайди. Китоблар бўлса-ю ўқилмаса ёки юзлаб китоб ўқилиб, уқилмаса, ҳикматлар ёд олиниб, унга амал қилинмаса, бундан нима наф? Китобхонлик кўргазма учун бўлмасин, китоблар безак сифатида уйлардаги, дўконлардаги жавон­ларда чанг босиб ётмасин. “Китобни ўқиш ҳали ҳеч нарсани англатмайди,ўқиш ва ўқиганни уқиш, асосий гап мана шунда”, ‒деган эди ёзувчилардан бири. 


Манба: Гулчеҳра Кўлбоева, Ангрендаги 26-мактаби кутубхоначиси

  • 1000