Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Аҳоли турмушини яхшилаш бўйича туман ҳокимлари фаоллик кўрсатмоқда

26.08.2020
Чирчиқ шаҳар ҳокими, биринчи сектор раҳбари С.Юсупов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари, маҳалла раислари ҳамда ўринбосарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Мутасаддилар томонидан жойларда «Янги услубдаги иш тизими»ни ташкил этиш бўйича аниқ топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, уй шароитида даволанаётган ҳамда «темир дафтар» рўйхатига тушган фуқаролар ҳолидан мунтазам хабар олиш, эҳтиёж туғилганда уларни керакли дори-дармон воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш кераклиги белгилаб олинди. Шу билан бирга, чет давлатдан қайтган мигрантларнинг ҳолидан хабар олиш, бандлигини таъминлаш, ҳудуддаги хотин-қизлар ва ёшларни касбга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Янгийўл тумани ҳокими У.Ёлғошев раҳбарлигида яқинлашиб келаётган пахта мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича «Янгийўл агрокимё» масъулияти чекланган жамиятида йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходимлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари ва фермерлари иштирок этди.

Дастлаб ғўзаларни агротехника қоидалари асосида парваришлаш, дефоляция ишларини сифатли ўтказиш тўғрисида мутахассислар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 40 фоиз пахта теримида иштирок этадиган тиркамалар ва тракторлар соз ҳолатга келтирилган. Қолган тиркама ва тракторларни ҳам таъмирлаб, марказлашган холда йиғиш чоралари кўрилмоқда.

Туман ҳокими пахта йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, карантин шароитида ишсиз аҳоли қатламининг бандлигини таъминлашни таъкидлади. Бунинг учун вақтинча ишсиз фуқароларни йиғим-теримга жалб қилиш орқали уларнинг моддий таъминотини таъминлаш, ихтиёрий теримчилар рўйхатини шакллантириш, фермер хўжаликлари ва теримчилар ўртасида меҳнат шартномаларини тузиш бўйича топшириқ берилди.

Чиноз тумани ҳокими А.Мадиев сектор раҳбарлари ва корхона-ташкилот бошлиқлари маҳаллаларда бўлиб, фуқаролар билан мулоқoт ўтказди.

Карантин талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда ташкил этилган йиғилишларда мамлакатимиз миллий бойлиги бўлган пахта йиғим-терими мавсуми бошланиш арафасида экани, терим давомида ҳар бир оила бир ойда 8-10 миллион сўмгача пул топиш имконияти борлиги ҳамда теримчиларга яратиладиган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.



Шунингдек, барча юмушларни бажаришда фуқаролар карантин талабларига қатъий риоя қилиши тушунтирилди.

Манба: ЎзА

  • 658