Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Халқаро ҳамкорлик алоқалари, тадбирлар, семинар тренинглар

Ўзаро манфаатли муносабатлар тараққиётнинг жон томиридир

Ўзаро манфаатли муносабатлар тараққиётнинг жон томиридир
17.04.2018
Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов бошчилигидаги делегация айни кунларда Хитой Халқ Республикасининг Чунцин шаҳрида бўлиб турибди.
20 апрелга қадар давом этадиган ушбу ташриф Тошкент вилояти ва Чунцин шаҳри муниципал ҳукумати ўртасида халқаро, ташқи иқтисодий, савдо алоқалари, илм-фан, технологиялар, бунёдкорлик, ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳамкорлик ўрнатиш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Ғ. Ибрагимов бошчилигидаги делегацияси 17 апрель куни Хитой пойтахти Пекин орқали Чунцин шаҳрига етиб келди. Юқори даражада кутиб олинган вилоятимиз делегацияси вакиллари шу куннинг ўзида “Чунцин Ганчэн” саноат парки ва “Jontia Energy Group Co.LTD” энергетик корпорацияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Шу ўринда, Чунцин шаҳри ҳақида тўхталиб ўтсак. У Хитой Халқ Республикаси марказий қисмида жойлашган ва майдони жиҳатидан энг йирик тўрт маъмурий ҳудуддан биридир. Шу билан бирга мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган тижорат маркази ҳамдир. Шаҳар иқтисодиётида кимё саноати, машинасозлик, металлургия, электротехника соҳаси етакчи ўрин тутади. Чунцин шаҳридаги бешта заводда йилига 200 минг автомобиль, 3 миллион мотоцикл, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади. “Changan Automotive Corp”, “Lifan Hongda Enterprise”, “Ford Motor Company” каби йирик автоконцернларнинг маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатлари бўйлаб кенг тарқалган.
Чунцинда бир неча йирик эркин иқтисодий зоналар бор. 38 та индустрия парклари ишламоқда. Шаҳарнинг логистика имкониятлари ва салоҳияти юқори. “Чунцин – Синьцзян - Европа” темир йўл тармоғи яхши ривожланган. Учта махсус божхона назорати ҳудуди ташкил қилинган. Қатор иқтисодий ва технологик ҳудудларда турли корхоналар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда.
Шунингдек, ушбу шаҳар компьютер технологиялари, ноутбуклар, смартфонлар, кондиционерлар чиқариш бўйича ҳам энг йирик саноат марказларидан бири сифатида эътироф этилган. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида шаҳарнинг электрон маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми 27,5 фоизга ошган.
Чунциннинг Тошкент вилояти билан муштарак жиҳатлари ҳам кўп. Хусусан, бу ҳудуд вилоятимиз сингари мамлакат металлургия саноатида анча илғор. Бу ерда Алюминийни қайта ишлаш заводи, Пўлат эритиш корпорацияси, Махсус пўлат эритиш компанияси фаолият юритади. Илм-фан жадал ривожланаётган Чунциндаги йигирма бешта олий ўқув юрти ва мингдан зиёд илмий-тадқиқот институтларида 400 мингдан зиёд илмий ходимлар ишламоқда шаҳар сифатида ҳам эътибор қозонган.
Бир сўз билан айтганда, Чунцин Хитойнинг тез тараққий этаётган шаҳарларидандир. Статистика бош бюроси маълумотларига қараганда, ўтган йили шаҳарнинг ички ялпи маҳсулоти 1,96 трлн юанни (311 млрд АҚШ доллари) ташкил қилди.
...Тошкент вилояти делегацияси ташрифнинг иккинчи куни – 18 апрелда ўз ишини давом эттириб, Савдо-иқтисодиёт форуми ва икки томонлама учрашувларда қатнашади. Шунинг кун тартибидан “Хайфу” фармацевтик компанияси фаолияти билан танишиш, Чунцин мэрияси раҳбарияти билан учрашув ва ўзаро ҳамкорлик бўйича тегишли ҳужжатларни имзолаш маросими ҳам ўрин олган.
19 апрель куни делегациямиз аъзолари “Zonshen Industrial Group Co.LTD” корпорацияси ва Чунциндаги Цзюлупо туманидаги саноат корхоналари фаолияти билан танишади. Шу куни Цзюлупо тумани ва Тошкент вилояти шаҳарларидан бири ўртасида икки томонлама келишув имзоланиши ҳам режалаштирилган.
Маълумки, Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик алоқалари юксак даражага кўтарилмоқда, мамлакатларимизнинг миллий манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, жаҳондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда. Ана шу дўстона муносабатлар асосида уюштирилган Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикаси ташрифи ва Чунцин шаҳри муниципал ҳукумати билан ўрнатилган алоқалар ҳар икки мамлакат халқи учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлиши шубҳасиз.


Манба: Тошкент вилоят ҳокимлиги

  • 1189