Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Халқаро ҳамкорлик алоқалари, тадбирлар, семинар тренинглар

Ўзбекистон – Беларусь: ҳудудлараро ҳамкорлик ривожланмоқда

09.04.2019
Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари Беларусь Республикасида бўлиб, ўзаро ҳамкорликка оид қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов ва Минск вилоятининг ижроия қўмитаси раиси А.Исаченко ўртасида ўтган учрашувда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Минск ва Тошкент вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбир режаси ("Йул харитаси") имзоланди.

Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик лойиҳалари тақдим этилди. Дунёнинг етакчи бренди ҳисобланган «Здравушка-Милк» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда қўшма корхона тузишга қаратилган келишувга эришилди. Бунда Тошкент вилоятида замонавий чорвачилик кластери ташкил этилиб, сут ва гўшт маҳсулотлари етиштирилади ва қайта ишланади. Бу жараёнда Беларусдан 2 мингта наслли қорамол ва зарур қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб берилади.
Чет эл инвестицияси ҳисобидан молиялаштириладиган бу лойиҳага Бўка туманидан 1 минг 200 гектар ер майдони ажратилади.

Ташриф доирасида Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов Беларусь Республикаси Миллатлар йигини кенгаши раиси М.Мясникович билан ҳам учрашди. Мулоқот чоғида иқтисодий-ижтимоий, илм-фан ва таълим, инвестициявий ҳамкорлик, гуманитар соҳалар бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари Олмалиқ шаҳри ҳокими Ў.Каримов ва Минск вилояти Жодина шаҳри ижроя кўмитаси раиси Д.Заблоцкий ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Шунингдек, «Дзержинский Агрокомбинат» акциядорлик жамияти билан Тошкент вилоятида замонавий агрокластер ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Вилоятнинг салоҳияти ҳамда ички бозори маркетингини юритиш бўйича ўрганишлар олиб бориш учун агрокомбинат раҳбар ва мутахассислари Ўзбекистонга таклиф қилинди.

Беларуссия қишлоқ хўжалиги вазирлигида кечган учрашув самарали ва ўзаро манфаатли келишувларга бой бўлди. Хусусан, унда наслли қорамоллар ва замонавий зоотехника воситаларини етказиб бериш, ветеринария мутахассисларни тайёрлаш, ветеринария препаратларини ишлаб чиқариш корхонасини қуриш каби ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Серҳосил картошка навларини Тошкент вилояти шароитида экиш ва кўпайтириш масалаларида вазифалар белгилаб олинди.

Тошкент вилоятида ҳамкорликда «Марк Фармель» компанияси кўмагида замонавий тўқимачилик ва тикувчилик корхонасини ташкил этиш, мебель ва қурилиш моллари ишлаб чиқаришдаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги делегациясининг Беларусь Республикасига ташрифи доирасида, умумий қиймати 17 миллион долларга яқин 7 та инвестицион лойиҳани амалга ошириш орқали 800 га яқин иш ўрни яратиш, 12 миллион доллардан зиёд экспортни амалга ошириш бўйича шартномалар имзоланди.


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 1259