Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Халқаро ҳамкорлик алоқалари, тадбирлар, семинар тренинглар

Татаристон Республикасига хизмат сафари

Татаристон Республикасига хизмат сафари
05.03.2018

Раҳбарият топшириғига асосан, Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов раҳбарлигидаги Тошкент вилояти делегацияси жорий йилнинг 1-3 март кунлари Россия Федерациясининг Татаристон Республикасида хизмат сафарида бўлди.

Тошкент вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида, мева сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришда йирик салоҳиятга эга эканлигини инобатга олиб, делегация ўз ташрифини дастлаб Татаристон Республикасининг Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ташрифдан бошлади. Делегацияни Татаристон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Н.Л.Титов кутиб олди ва Ўзбекистоннинг иқтисодий соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида гапириб, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, мамлакатнинг бу борадаги экспорт имкониятини ошириш бўйича олиб борилаётган самарали чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

У ўз сўзида Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотлар, полиз экинлари, узум ва дуккакли ўсимликларнинг сифати, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг таркибий ҳусусиятлари, экологик софлик даражаси юқорилиги ҳақида тўхталиб, бу борада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимов сўз олиб ўз навбатида, мезбонларга мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти, Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мазкур соҳаларга сармоя киритиш истиқболлари, қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди.

Учрашув давомида делегация видеотақдимот орқали Татаристон Республикасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлар билан таништирилди. Татаристон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Россия федерациясида 3 ўринни эгаллайди. Жами экин экиладиган майдон салкам 3 500 гектар ер майдонини ташкил этиб, унинг аксарият қисми бошоқли дон маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Ўтган давр мобайнида жами 4 500 минг тонна буғдой ишлаб чиқаришга эришилган. Шунингдек, Республикада жами 4 000 дан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритиб, шундан 1 200 та юқори технологик деҳқончилик фермер хўжаликларидан иборат. Бундан ташқари камида 5-10 та қорамолдан иборат кичик фермер хўжаликлари фаолият юритиши йўлга қўйилган. Ҳар бир туманда давлат захирасидаги ерлар мавжудлиги, давлат ва фермерлар томонидан ушбу ерларни ижарага бериш имконияти яратилган.

Учрашув чоғида етиштирилган ҳосилдан фермер ва деҳқон хўжалиги эгаларининг кўпроқ манфаатдорлиги инобатга олиниб, ҳосилни етиштиришда уларга режа қўйиш амалиётидан фойдаланилмаслиги маълум қилинди.

Татаристон томони икки томонлама ўрнатилган алоқаларга баҳо берар экан, Ўзбекистон бозорларида картошка маҳсулотига талабнинг юқорилигини инобатга олиб, Татаристон Республикасида етиштирилган картошка уруғини Ўзбекистон бозорига тўғридан-тўғри етказиб беришдан манфаатдор эканлигинини, бу эса ўз навбатида ўртадаги тўсиқларни бартараф этиб, уруғларнинг бозорларга арзон нархларда етказилишини таъминлашга асос бўлишини маълум қилди.

Ўз навбатида, вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимов Татаристон Республикасининг гўшт етиштиришдаги илғор тажрибасини инобатга олиб, Тошкент вилоятида гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш бўйича қўшма корхоналарни очиш, Тошкент вилоятида Тараристонлик инвесторлар билан биргаликда чўчқа гўшти етиштириб Хитой давлатига экспорт қилиш бўйича аниқ лойиҳалар устида ишлаш бўйича таклиф билдирди.

Татаристон томони ушбу таклифни маъқуллаб, шу ойнинг ўзида Тошкент вилоятидан бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини ушбу йўналишда ҳамкорликни бошлаш мақсадида Татаристонга таклиф этди.

Учрашув сўнгида томонлар Татаристон Республикасида Тошкент вилоятининг агросаноат марказини ташкил қилиш ва бу орқали тўғридан-тўғри минтақалараро савдо-сотиқни масалан, Татаристондан Тошкент вилоятига гўшт, колбаса, минерал ўғитлар етказиб берилса, Тошкент вилоятидан Татаристонга қуритилган мевалар етказиб беришни йўлга қўйиш масаласида келишиб олинди.

Шундан сўнг, делегация Татаристон туризм қўмитасига ташриф буюрди. Делегацияни қўмита раиси С.Иванов ҳамда бугунги кунда Туризм йўналишида Қозон Федерал Университетида таҳсил олаётган бир гуруҳ Ўзбекистонлик талабалар кутиб олдилар.

Вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимов дастлаб талабалар билан суҳбатлашиб уларни ўқишлари ва яшаш шароитлари билан қизиқди. Ўзбекистон Раҳбарияти уларга катта ишонч билдириши ва ўқишни мувофаққият билан битказиб ватанга ёруғ юз билан қайтишларига умид билдирди.

Туризм қўмита раиси С.Иванов билан музокаралар чоғида қўмита раиси сўнги пайтларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, соҳасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Ҳукумати томонидан қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов билан муҳокама қилиб бораётганлигини билдирди.

Ўз навбатида вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси давлат Раҳбари томонидан республикада Туризмни ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилаётганлиги, ўтган февраль ойининг ўзида Президент томонидан 3 та муҳим фармон ва қарорлар имзоланганлиги, шу муносабат билан Татаристон билан ўзаро сайёҳлар алмашинувини жадаллаштириш, Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятини Татаристонда кенг тарғиб қилиш буйича Татаристон туризм қўмитасини ҳамкорликка чақирди.

С.Иванов Ўзбекистон Республикасининг, шу жумладан Тошкент вилоятининг туристик салоҳияти юқори, туристик инфратузилма объектлари жозибадор эканлигини таъкидлаб, бугунги кунда Татаристон туристик бозоридаги холат билан таништирди. Жумладан, Озарбайжон, Грузия ва Туркия каби йирик бозорлар бугунги кунда интенсив тарзда арзон авиқатновларни йўлга қўйиш орқали Татаристон бозорига кириб келаётганлигини билдириб ўтди. Шу билан бирга арзон авиақатновлар йўлга қўйилса, Татаристондан ҳар йили 7-10 минг сайёҳни Тошкент вилоятига жалб қилиш имкониятлари тўғрисида гапирди.

Шундан сўнг, делегация Татаристон Республикаси савдо-саноат палатасига йўл олди. Шу ернинг ўзида Татаристондаги йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар ва тадбиркорлар йиғилганлигидан унумли фойдаланиш мақсадида, “Ангрен” иқтисодий зонасида инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва қулай инвестицион муҳит тўғрисида тақдимот ўтказилди. Тақдимотдан сўнг Татаристон савдо-саноат палатаси раҳбари Р.Рахимов ҳамда тадбиркорлар томонидан берилган бир қатор саволларга жавоб берилди.

Татаристон Республикасининг инвестицион ривожлантириш агентлигининг аналитика бўлими етакчи мутахассиси Э.Зиннатулин Татаристон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инвесторларга яратилган имкониятлар, махсус иқтисодий зоналар ва улардаги имтиёзлар ҳақида тақдимот ўтказди. Жумладан;

Татаристонга кунига ўртача 2 млн.долларлик инвестициялар жалб қилиб келинаётганлиги;

Татаристон Россия Федерацияси субъектлари орасида юқори кўрсаткичларга эга бўлиб, полиетилен, синтетик каучуклар, резинотехника, синтетик ювувчи ускуналар, нефт ва картон ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришганлиги;

Республикада юк автомашиналари, сув кемалари ва вертолётлар ишлаб чиқарилиш йўлга қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, учрашув чоғида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида томонлар “Савдо уй”лари очиш лозимлиги таъкидладилар. Шу билан бирга, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашда Татаристон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг ўрни муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда Палата раиси Р.Рахимов Ўзбекистон делегациясини Татаристон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги раҳбарияти билан учрашув ўтказишни тавсия этди. Делегация ушбу таклифни қабул қилди. Мазкур ташриф билан делегациянинг биринчи иш кунига якун ясалди.

Делегация ўзининг иккинчи иш кунини Татаристон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига ташрифдан бошлади. Делегация аъзоларини Татаристон Республикасининг иқтисодиёт вазири Ф.Абдулганиев кутиб олди. У ўз кириш сўзида 2017 йил якунларига кўра Татаристон Республикасининг макроиқтисодий кўрсаткичлари ўсиш суръатларига тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида делегация раҳбари Ғ.Ибрагимов сўз олиб Россия ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланганлиги бироқ ушбу ҳужжатларни самарали ишлаши учун биринчи навбатда ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканлиги таъкидланди. Татаристон Республикасининг Россия Федерациясида энг ривожланланган ҳудуд эканлигидан келиб чиқиб, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш бўйича ўрганиш мақсадида ташриф буюрилганлиги тўғрисида билдириб ўтилди.

Шундан сўнг, Татаристон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Татаристон Республикаси Хукумати томонидан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати ва унинг натижалари тўғрисида тақдимот ўтказди.

Учрашувда Татаристон томони Хитой бозорини эгаллашда Тошкент вилояти ва вилоятда Хитойдан бори йўғи 120 чақирим масофа узоқликда жойлашган “Ангрен” иқтисодий зонаси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб Татаристон иқтисодиёт вазирлиги қошида очилган экспортни қўллаб қувватлаш маркази орқали савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашни таклиф этди.

Шундан сўнг, Татаристон ҳалқлари ассамблеяси томонидан ташкил этилган Дўстлик уйига ташриф буюрилди.

Делегация Ассамблея кенгашининг ижроия қўмитаси бошлиғи Н.Владимиров ва Татаристон Республикасидаги ўзбекларнинг миллий-маданий автономияси раиси А.Абдусатаров томонидан илиқ кутиб олинди. Экскурсия мобайнида Ассамблея ва Дўстлик уйи, миллатларнинг миллий-маданий автономиясининг офислари, кўпмиллатли якшанба кунлари ташкил этиладиган ўқишлар ва ўзбекларнинг миллий-маданий автономияси ҳақида батафсил ахборот берилди.

Экскурсиядан сўнг Дўстлик уйининг конференц залида учрашув ташкил қилинди ва ушбу учрашувда делегация аъзолари томонидан Ассамблея ва Дўстлик уйининг фаолияти билан боғлиқ фикрлар билдирилиб, ўзбеклар диаспорасини қўллаб қувватлашда қилинаётган ишларнинг натижадорлигига, миллий маданий урф-одатларнинг Татар ўлкасида тараққий этишида мазкур тузилмаларнинг ўрни юқори эканлигига алоҳида урғу берилди. Учрашувда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар келишиб олиниб, унга эришиш йўллари белгилаб олинди.

Шундан сўнг, делегация икки гуруҳга бўлинган холда кун тартибига асосан учрашувларни давом эттиришди. Ҳусусан, вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимов Татаристон Республикаси Президенти Р.Минниханов билан учрашиб, ҳамкорлик масалаларини юқори даражада келишиб олинди ва ундан сўнг янги ташкил этилган Агропарк фаолияти билан танишилди.

Делегациянинг бошқа аъзолари дастлаб Қозон Федерал университетига ташриф буюриб университет қошида очилган ўқув маркази раҳбари Н.Багаутдинова билан учрашув ўтказиб, қуйидаги масалалар муҳокама этилди:

Ўзбекистондан ташриф буюриб таҳсил олаётган 1500да ортиқ талабаларнинг ўзлаштириши;

табаларнинг диплом олди амалиётларни Ўзбекистонда ва Тошкент вилоятида ташкил этиш;

диплом ишлари мавзусини Ўзбекистондаги ҳамда Тошкент вилоятидаги иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мавзуларида танлаш ва изланишлар олиб боришни ташкил этиш;

2018-2019 ўқув йили учун Ўзбекистонлик талабаларни имтиҳондан ўтказиш;

Ўзбекистонлик кадрларни қайта тайёрлаш бўйича қисқа курсларни ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Учрашув якунларига кўра, Қозон Федерал университети раҳбарияти жорий йилнинг апрель ойида ҳамкорлик масалалари юзасидан меморандум имзолаш мақсадида Тошкент вилоятига ташриф буюришини маълум қилди.

Шундан сўнг делегация аъзолари Татаристон Республикаси ёшлар ва спорт вазирлигига ташриф буюрди. Меҳмонларни вазирнинг биринчи ўринбосари Х.Шайхутдинов илиқ кутиб олиб, сўнги йилларда Татаристонда ёшлар сиёсати ҳамда спортни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва унинг натижалари тўғрисида тақдимот ўтказди.

Ўз навбатида, Тошкент вилояти делегацияси томонидан ушбу соҳада ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан ўхшаш ва энг муҳими тўғри сиёсат олиб борилаётганлиги таъкидлаб ўтилди ҳамда Тошкент вилоятининг қишки спорт иншоотлари тақдимотини акс эттирган видеоролик тақдим этилди.

Тақдимотдан сўнг, Х.Шайхутдинов Бўстонлиқ туманидаги “Чимён” спорт базасидан Татаристонлик спортчиларни қишки ўқув йиғин машғулотларини ўтказишда, Ангрендаги бокс спорт базасидан бокс бўйича турли ёшдаги терма жамоаларнинг машғулотларини ўтказиш юзасидан таклиф билдириб, ўз навбатида жорий йилнинг май ойида Татаристонда ўтказилиши режалаштирилаётган ёшлар форумига Тошкент вилоятидан ёшларни таклиф қилди.

Шундан сўнг, делегация аъзолари 131 гектар майдонда ташкил этилган “Химград” саноат зонасига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёни ва саноат зонасида инвесторларга яратилган имкониятлар билан танишдилар.

Ташрифнинг учинчи куни, делегация Верхнеуслонск туманида барпо этилган Иннополис шаҳрига ташриф буюрди. Делегацияга Иннополис шаҳрининг тарихи, инфраструктураси, аҳоли контингенти, унинг ижтимоий соҳа объектлари ва кадрлар тайёрлаш тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.

Жумладан, Иннополис Университетининг проректори А.М.Саматова университет фаолияти билан таништирар экан, университетнинг "Иннополис-сити" ОАЖ таъсисчилиги остида 2012 йил 10 декабрда рўйхатдан ўтганлигига, университет ахборот технологиялари соҳасига ихтисослаштирилган бўлиб, роботатехника ва инновациялар бўйича илмий тадқиқотларни ўтказишга мўлжалланганлигига, университетда бугунги кунда жами 556 нафар шу жумладан нафақат Россия федерациясидан, балки МДҲ давлатлари шу жумладан Ўзбекистондан ҳам талабалар таҳсил олиши, таълим тўлов контракт асосида олиб борилиши, билимли талабалар учун грант ўринлари ажратилганлигига тўхталиб ўтди.

Делегация аъзолари томонидан Тошкент вилояти ва унинг ҳудудида фаолият олиб бораётган ёш мутахассисларни ушбу таълим марказида контракт асосида ўқитиш бўйича қизиқиш билдирилди.

Шунингдек, делегация Иннополис шаҳри махсус иқтисодий зона дирекциясига ташриф буюрди. Учрашув чоғида дирекция раҳбари Тошкент вилояти делегациясининг бу ташрифи ахборот технологияларининг шиддат билан ривожланаётган бир даврида янги инновацион ғояларни амалиётда тадбиқ этишда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, ўз тақдимотини ўтказди. У ўз тақдимотида шаҳарнинг бунёд этилиши ва унинг ривожланиши борасида қуйидаги жихатларга эътибор қаратди:

Иннополис шаҳрининг қурилиш ишлари 2012 йил 9 июнь куни бошланиб, "Ақлли" шаҳарнинг очилиш маросими 2015 йил 9 июнда бўлиб ўтган;

Татаристон Республикаси Президенти қошидаги Давлат уй-жой фонди томонидан шаҳар аҳолиси истиқомат қилиши учун барча қулайликларга эга 4та мавзе, 16та кўп қаватли ва 840 та хонадондан иборат уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилган;

шаҳарда 192,71 га ер майдонидан иборат махсус иқтисодий зона ташкил этилган;

резидентларга "Иннополис" МИЗ томонидан 43 минг м2 дан иборат А.Попов номидаги Технопаркда 2 минг 200 кишилик иш ўрнига мўлжалланган тайёр офислар ижарага тақдим этилади;

резидентлар учун ижара асосида бўш ер майдонларида қурилиш ишларини олиб бориш ва кейинчалик ушбу ерни хусусийлаштириш имконияти мавжуд;

2016 йил апрель ойидан бошлаб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатувиш мақсадида барпо этилган 500 ўринга мўлжалланган Тиббиёт маркази ўз фаолиятини бошлаганлиги тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 1202