Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Халқаро ҳамкорлик алоқалари, тадбирлар, семинар тренинглар

Тошкент вилоятида араб делегацияси

 Тошкент вилоятида араб делегацияси
27.09.2018
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Саудия Арабистонидан “Al-Hidiyaglobal company” Ltd компаниясининг директорлар Кенгаши раиси шайх Салех ибн Салим Бахвиний бошчилигидаги делегация Тошкент вилояти ҳокимиятига ташриф қилди. Учрашувда Тошкент вилояти ҳокими Ибрагимов Ғуломжон Иномович, вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари С.Низамов, “Чорвоқ” эркин туристик зона дирекцияси директори Ж.Садиров, вилоят инвестиция бош бошқармаси бошлиғи Ш.Шазиятов, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғининг ўринбосари У.Худойқулов ҳамда ҳокимлик мутасадди вакиллари иштирок этдилар. Томонлар ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ тенглик, ҳурмат ва манфаатдорлик принципларига риоя қилган ҳолда,Тошкент вилоятининг сув атрофидаги тоғли жойларда меҳмонхоналар, сиҳатгоҳлар билан биргаликда сайёҳлик комплексини қуриш ва бу орқали туристик сайёҳлик оқимини жалб қилиш бўйича ўзаро фикр алмашдилар. Шунингдек, араблар инвестицион ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан балиқчилик, ирқчилик, қўйчилик-бўрдоқичилик ва қорамол етиштириш юзасидан таклифларини билдирди. Бунда вилоятга чегарадош дарё бўйлари ва тоғ зоналарида махсус комплекс корхоналар ташкил этиб, бир неча минг фуқароларимизни иш билан таъминлаши айтиб ўтилди. Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов вилоятдаги мавжуд сўлим гўшалар, туристик объект қурилиши учун қулай бўлган ҳудудлар тўғрисида делегация вакилларига маълумот бериб ўтди. Арабистонлик делегатлар вилоятнинг Бўстонлиқ туманидан 10 гектарли ер майдонига келгусида 150-200 ўринли беш юлдузли меҳмонхона қуриш ва бу билан икки давлатнинг манфаатлари йўлида хизмат қилиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди. Иштирокчилар таклифлар борасидаги музокаралар кейинги учрашувларда яна қайта кўриб чиқилиши юзасидан келишиб олдилар.
Музокаралар сўнгида Тошкент вилояти ҳокими ва “Al-Hidiya global company” Ltd компаниясининг директорлар Кенгаши раиси Салех ибн Салим Бахвиний икки мамлакат томонидан билдирилган ўзаро ҳурмат сифатида бир-бирларига миллийликни ифода этувчи эсдалик совғаларини топширдилар. Шунингдек, Салех ибн Салим Бахвиний вилоят ҳокимини алоҳида муқаддас Умра сафарига зиёратга таклиф қилди. Араб делегацияси вакиллари билан ташриф давомида вилоятнинг бир қанча иқтисодий-инвестицион, туризмга оид объектлари, жумладан, меҳмонхоналар қурилиши учун таклиф этилган ҳудудлар билан танишиш мақсадида жойларга чиқилди.

Ширинхон МЎМИНОВА,
журналист

Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 1226