Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Халқаро ҳамкорлик алоқалари, тадбирлар, семинар тренинглар

Тошкент вилояти ҳокими А.Усмановнинг Кореянинг Кёнсан-Пукто провинцияси губернатори Ким Кван-ёнг билан ўтказилган музокаралар давомидаги нутқи

Тошкент вилояти ҳокими А.Усмановнинг Кореянинг Кёнсан-Пукто провинцияси губернатори Ким Кван-ёнг билан ўтказилган музокаралар давомидаги нутқи

Ҳурматли жаноб Ким Кван-Ёнг, Ҳурматли делегация аъзолари!

Авваламбор, Сизларни меҳмондўст ўзбек диёрига ташриф буюрганингиз билан чин қалбимдан қутлайман. Сизнинг юртимизга ушбу ташрифингиз Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма икки йиллиги ва мамлакатларимиз ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганига 22 йил тўлиши арафасида амалга оширилаётгани чуқур маънога эга. Ушбу ташриф аввало мамлакатларимиз, қолаверса, вилоятларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигининг яна бир ёрқин далилидир.

“Тонг бокиралиги” диёри билан юртимизни катта масофа ажратиб турса-да, халқларимизни қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келиб қолган корейсларга юртимизда қандай меҳр-мурувват кўрсатилганини Корея аҳли мамнуният билан ёдда тутади. Эл-юртга садоқат, аждодлар мероси ва қадриятларини қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик, саҳоват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, меҳнатсеварлик каби фазилатлар ўзбек ва корейс халқлари учун бирдек хосдир.

Ҳурматли дўстлар,

Икки мамлакатнинг сиёсий муносабатлари ҳақида сўз кетганда, аввало, давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий дўстликни таъкидлаш керак. Бу дўстлик Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бак Сеул мэри бўлган йиллари бошланган. 2008 йилда Ли Мён Бак президент сайловида ғалаба қозониб, давлат раҳбари лавозимини эгаллагач, инаугурация маросимига олий фахрий меҳмон сифатида Ўзбекистон раҳбарини таклиф этди. 2009 йилнинг май ойида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари Тошкентда учрашдилар.

Тошкент вилояти билан Кёнсан-Пукто провинцияси ўртасидаги дўстлик алоқаларини ўрнатилишида Кореянинг амалдаги Президенти Пак Кин Хе хонимнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Чунки, Пак Кин Хехоним ушбу провинцияда туғилиб ўсиб, 2012 йилда мамлакат президенти учун бўлиб ўтган сайловларида асосий овозни Кёнсан-Пукто провинцияси сайловчилари томонидан олган. Кўриниб турибдики, Пак Кин Хе хоним ҳам катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Кёнсан-Пукто провинциясини доимо қўллаб-қувватлаб, вилоятларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Умуман олганда, олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлиги муносабатларини ривожлантиришдаги фаолликдан далолат беради. Бундай учрашувлар ҳали томонлар ҳамкорликда ўзлаштирмаган янги соҳаларни кашф этишга, янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишга йўл очади, янада манфаатли алоқалар истиқболини яқинлаштиради.

Бугунги кунда Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатлари давлатлараро ва ҳукуматлараро даражада, иқтисодий ва тижорий тузилмалар, фирма ва компаниялар ҳамкорлиги нуқтаи назаридан, жумладан, гуманитар соҳада ҳам том маънода етуклик, ҳар томонлама пухталик касб этиб, ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланмоқда ва мамлакатларимиз халқлари манфаатларига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида муваффақиятли ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик борасида катта тажриба тўпланди. Ҳозирги кунга келиб, Корея Республикаси мамлакатимизнинг энг йирик савдо шерикларидан бирига айланган.

Ҳурматли меҳмонлар!

Тошкент вилоятида мавжуд бўлган қулай инвестиция муҳити, замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун турли хил хом ашёларнинг мавжудлиги, арзон ҳамда салоҳиятли ишчи кучи, ривожланган инфратузилма каби омиллар вилоят ҳудудида йил сайин хорижий инвестициялар жалб қилинишининг ортишига, вилоят инвестицион салоҳиятининг янада юксалишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда Жанубий Кореянинг етакчи компанияларини жалб этган ҳолда Янгийўл туманида “Глобал Комско Дэу” хорижий корхонаси, Чирчиқ шаҳрида “Дайшин Мегатекс” каби йирик корхоналар фаолият кўрсатаётганлигини мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин.

Ҳозирги кунда вилоятда корейс миллий маданият маркази, унинг таркибида жами 10 та шаҳар ва туман миллий маданият марказлари фаолият олиб бормокда. Ушбу марказлар Оҳангарон, Бўстонлиқ, Қуйичирчиқ, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ ва Бекобод шаҳарларида ўз фаолиятларини юритишмоқда.

Мавжуд миллий маданият марказларининг фаолият юритишида барча шароитлар яратилган.

Ҳурматли жаноб Ким Кван-Ёнг,

Ушбу учрашув Тошкент вилояти ва Кёнсан-Пукто провинцияси ўртасидаги муносабатларни янада жадал ривожлантириш жараёнидаги муҳим босқич бўлиб, ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имкониятдир.

Бугун вилоятларимиз ўртасида имзоланиши кутилаётган Англашув меморандуми икки халқ ўртасидаги мавжуд дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хўжалик субъектларининг тўғридан-тўғри ўзаро алоқаларини ўрнатиш, ўзаро манфаатдорлик ҳамда тенглик асосида узоқ муддатли иқтисодий, илмий-техник, маданий ва савдо алоқаларини ривожлантириш, турли соҳаларда ҳар томонлама яқинлашишига, тажриба алмашишига, ижтимоий, иқтисодий ҳамда бошқа муаммоларни ҳал этилишида катта хизмат қилади деб ҳисоблайман.

Жумладан, Тошкент вилояти ва Кёнсан-Пукто провинцияси ўртасидаги ҳамкорликнинг энг муҳим йўналиши, бу — янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш ҳамда мавжуд ана шундай корхоналарни модернизациялаш мақсадида вилоятимизга юқори инновация технологияларини жалб қилиш билан боғлиқ истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдир.

Бундай ҳамкорлик доирасида Тошкент вилояти юқори қўшимча қийматга эга бўлган ва энг илғор илмий ютуқларни ўзида мужассам этган технологиялар асосида маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштиради ҳамда тайёр маҳсулотларнинг дунё бозорига тез етказиб берилиши учун мутлақо қулай шароитларни яратади.

Икки вилоят ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида гуманитар, таълим, сайёҳлик ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Сўзим якунида шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Корея Республикаси ҳамда Ўзбекистон ҳар жиҳатдан синалган ва ишончли стратегик шериклардир. Корея томони иқтисодиётни ҳамда ижтимоий соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва чуқур модернизациялаш бўйича кенг кўламли миллий дастурларимиз амалга оширилишида мамлакатимизни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бунинг учун, авваламбор, ўз ёрдамини аямаётган Корея Президенти Пак Кин Хе хонимга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Шундай экан, Тошкент вилояти Кёнсан-Пукто провинцияси билан ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилмоқда. Зеро, бу ҳар икки вилоятнинг манфаатларига бирдек хизмат қилади.

Эътиборингиз учун катта раҳмат!

Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Корея Республикасининг Кёнсан - Пукто провинцияси ўртасида АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ


  • 2603