Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Халқаро ҳамкорлик алоқалари, тадбирлар, семинар тренинглар

Новосибирск делегацияси Тошкент вилояти Ёшлар Марказида!

Новосибирск делегацияси Тошкент вилояти Ёшлар Марказида!
28.10.2019

2019 йилнинг 24-25 октябрь кунлари Тошкент вилояти халқаро инвестиция Форуми доирасида бир қатор лойиҳа ва тадбирлар, ҳамкорлик учрашувлари ва битимлар имзолаш маросимлари, лойиҳавий келишувлар ва бошқа ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш бўйича йиғилишлар ўтказилиши режалаштирилган.

Форумнинг биринчи кунида Нурафшон шаҳридаги вилоят Ёшлар Марказида Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳри ва Тошкент вилоятидаги олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқувчи-ёшлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Новосибирск Давлат Педагогика университети “Технология ва тадбиркорлик” факультети декани Роман Коменов, Новосибирск Давлат Техника университети “Технология ва механика” факультети декани Василий Янполский ва университет талабалари иштирок этдилар.

Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда меҳмонлар ўзлари фаолият олиб бораётган таълим муассасалари ҳамда Россия Федерациясининг ўнлаб нуфузли таълим даргоҳлари ҳақидаги тақдимотни намойиш этдилар. Олийгоҳларда яратилган шарт-шароитлар, талабаларнинг техника-иқтисодиёт соҳасидаги билимларини ошириш, инновацион ёндашувларини рағбатлантириш ва юзага чиқариш борасида қилинаётган амалий ишлар билан ўртоқлашдилар. Талабалар томонидан ихтиро қилинган техник ишланмалар учрашувга йиғилган 300 га яқин йигит-қизларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Тадбир сўнгида ҳар иккала мамлакат ўқувчи-ёшлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, жараёнда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари меҳмонларга Ёшлар иттифоқининг кўкрак нишонларини тақиб қўйдилар. Улар ҳам ўз навбатида сардорларга Новосибирск Давлат Педагогика университетининг рамзий белгисини тақдим этдилар.

- Бизнинг Новосибирскда ҳозир ҳаво ҳарорати анча совуқ, - дейди Роман Владимирович. - Тўғри, бунинг ҳам ўз гашти бор, аммо Сизнинг юртингизга келиб кўрдикки, бу ер илиқ ва гўзал!

Ўзга юрт вакилининг Тошкент вилоятига “илиқ ва гўзал” дея ҳавас билан билдирган таърифи ҳаммани тўлқинлантириб юборди. Барча ёшлар мазкур сўзларни ўринларидан туриб олқишладилар. Меҳмонларнинг ҳайрати, эътирофи замирида Тошкент вилояти, хусусан, Нурафшон шаҳрининг кундан-кунга чирой очаётган янги манзараси, минглаб инсонларнинг бирдамлиги, фидокорона меҳнатлари ётади...


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 1077