Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Халқаро ҳамкорлик алоқалари, тадбирлар, семинар тренинглар

БМТ Тараққиёт дастури вакиллари билан учрашув

26.04.2016
2016 йил 26 апрель куни Тошкент вилояти ҳокимлигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори ўринбосари Оливье Адам бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили С.Приснер ҳам қатнашди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Сайёра Файзиева меҳмонларни қутлар экан, Тошкент вилояти, унинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши, саноат имкониятлари, инсон тараққиёти борасида эришилаётган ютуқлар тўғрисида қисқача ахборот бериб ўтди.
Шунингдек, Тошкент вилоятида Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорликда БМТТД “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: 2-босқич” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилиб, бу борада эришилаётган ютуқлар сарҳисоб қилинди.
Лойиҳа мақсадлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” билан ҳамоҳанглиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурини амалга оширишда кўмак беришга қаратилгани алоҳида таъкидланди. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида” ҳамда бошқа Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ижросини таъминлашда ҳокимликларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатилаётгани юқори баҳоланди.
2014 йилдан буён лойиҳа томонидан Тошкент, Наманган ва Жиззах пилот вилоятларига 1,35 млн. АҚШ доллари, шундан қарийб 350 минг қўшимча донор маблағлари жалб қилиниб, маҳаллий ҳокимият тизимининг очиқлиги ҳамда ҳисобдорлигини ошириш, ҳукумат томонидан амалга оширалаётган маълум ваколат ва функцияларни маҳаллий ҳокимият органларига бериш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қарорлар қабул қилишда маҳаллий вакиллик органлари ролини ошириш, маҳаллий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва маҳаллий ҳокимият тизимининг самарадорлигини оширишда кўмак бериш мақсадларига йўналтирилган.
Учрашувда лойиҳа томонидан ўтган давр мобайнида Тошкент вилояти ҳокимлигида ахборот хизматини ташкил қилишда, вилоят халқ депутатлари Кенгаши салоҳиятини ошириш дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда, вилоят ҳокимлиги очиқ маълумотлар ҳамда вилоят халқ депутатлари Кенгаши веб-сайтларини ишлаб чиқишда, вилоятдаги “ягона дарча” марказлари фаолиятини такомиллаштиришда, Қибрай тумани ижтимоий-иқтисодий ривожланиш Стратегиясини ишлаб чиқишда кўмак берилгани қайд этилди.
Учрашув сўнгида БМТТД билан Тошкент вилояти ҳокимлиги ўртасидаги келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва ҳамкорликни янада ривожлантириш келишиб олинди. Меҳмонларга Тошкент вилояти тўғрисидаги эсдалик совғалар тақдим қилинди.


  • 2599